Томдибулоқда янги ДХМ очилди. Энди одамлар 250 км.лаб йўл босмайди

07:51 09 Апрель 2021 Жамият
833 0

Арзимаган давлат хизматига эҳтиёж сезган томдилик икки кунини йўлга сарфлайди. Биз вилоят марказидан 260 километр олисликдаги Томдибулоқ қўрғонини назарда тутмоқдамиз. Туманнинг Таспен, Тасқудуқ ва Молдиман каби овул ва қишлоқларига бориш учун эса яна 100-250 километр йўл босиш керак. Албатта, мазкур ҳудудларда истиқомат қилаётган кишиларнинг ҳам ўз ташвиш ва қувончлари бор. Бинобарин, улар ҳам ДХА кўрсатаётган 150дан ортиқ хизматларидан фойдаланишни тез-тез истаб туришади.

— Фақатгина ўтган йилнинг ўзида Томди туманидаги олис овулларга мобил хизмат уюштирилиб, 3000 нафардан ортиқ фуқаронинг мушкули осон, узоғи яқин бўлди, — дейди ДХА Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Нодира Самандарова. — Бироқ биз ҳали ҳудуд аҳолисининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаб олдик дея олмаймиз.

Туман аҳолисига хизмат сифатини яхшилаш, турларини ошириш мақсадида Томдибулоқ қўрғонида давлат хизматлари марказининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур иншоот вилоятда Давлат хизматлари марказлари ихтиёрига топширилган саккизинчи бино. Табиийки, илгаригиларида назардан четда қолган қулайликлар мазкур марказда инобатга олиниб, меъморий ечимда ҳам ўз кўркамлиги билан алоҳида ажралиб турадиган лойиҳа танланган. Тўғри, ушбу марказда ҳам биз кўникиб қолган ресепшн, кутиш зали, қабул ойналари, тўлов кассаси, кафетерий, тиббиёт хонаси, болалар майдончаси мавжуд. Бироқ эски бино билан солиштирган томдиликлар нигоҳида янгилик давлат халққа хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг чинакам далилидир.

Марказ биносининг иккинчи қаватида Томди тумани адлия ва ФҲДЁ бўлими, нотариус, Халқ ҳамда Бош вазир қабулхоналари жойлашган.

Марказ янги биносининг очилиш маросимида Ердавлет Алданазаров ва Гулжазира Саломоваларнинг никоҳи қайд этилиб, янги оилага никоҳ гувоҳномаси топширилди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер