Тўловларда аниқлик, тизимда шаффофлик таъминланади
Инсон табиати қизиқда, ҳаёт учун сувнинг қанчалик муҳим эканлигини билса-да, бу неъматни қадрига ҳар доим ҳам етавермайди. Уни ишлатишда эса меъёрни кўпинча унутиб қўяди. Гўё обиҳаёт чек-чегарасиз — текин, қадри йўқ. Баъзан эшикни тақиллатиб назоратчи “ ичимлик суви учун пулни тўладингизми”, дея сўраганда, афтимиз бужмаяди. У кўзимизга душмандек кўринади.
Энди бу ҳол барҳам топади. Аввало, пойтахтда. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ масъул ходими Равшан Ёқубжоновнинг маълум қилишича, Марказий Осиё сув бошқарувида янги давр бошланди. Тошкентда кенг кўламли “ақлли” совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатиш дастлаб тажриба тариқасида Шайхонтоҳур, сўнг Янги Ҳаёт туманида оммавий тарзда давом эттирилди.

“Diehl Metering” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур замонавий ҳисоблагичларнинг 670 минг донаси кейинги беш йил ичида аҳолига бепул ўрнатиб берилиши режалаштирилган. Аслида, бу — ҳаётий эҳтиёж. Негаки, пойтахт аҳолиси янгидан-янги мавзелар пайдо бўлаётгани, юзлаб кўп қаватли уйлар қад ростлаётгани асносида кун сайин ортиб боряпти. Бу, ўз навбатида, ичимлик сувига бўлган талабни кескин кучайтирди.
— Аҳоли масъуллар билан мулоқот чоғида кўпинча сув босими пасайиб кетаётгани ҳақида нолиб гапиряптию, аммо исрофгарчилик, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб олиш ҳақида лом-мим демайди. “Ақлли” ҳисоблагичлар тизимига ўтиш шу каби тушунмовчиликларга буткул нуқта қўяди, — дейди Равшан Ёқубжонов. — Ҳар бир тармоқ электрон назоратда, ҳар томчи сув марказий компьютер миясида акс этади.
Бу инновацион ёндашув давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги 428-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзсувтаъминот” АЖ билан Франциянинг “SUEZ International SAS” компанияси билан халқаро ҳамкорлик доирасида бошланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 218,8 млн. еврони ташкил этади.

— Радиомодулли ҳисоблагичлар дунёнинг кўпчилик давлатларида юқори натижа берган. Шу боис Ўзбекистонда ҳам мазкур компания маҳсулотларини ўрнатяпмиз, — дейди “SUEZ International SAS” компанияси лойиҳаси директори Фулк де Сал де Баниерес. — Фуқаролар бу янгиликнинг афзалликларини тезда ҳис этмоқда: тўловларда аниқлик, тизимда шаффофлик бор.
Пойтахт ҳокимлиги “ақлли” ҳисоблагичларни маҳаллийлаштиришга жиддий эътибор қаратган. Ҳадемай, “Технопарк” саноат мажмуасида замонавий ҳисоблагичларни йиғиш линияси ишга туширилади. Бу эса коммунал соҳадаги лойиҳалар самарадорлигини янада оширишга туртки беради.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг