Тойлоқдаги «In vitro» лабораториясида етиштирилаётган кўчатларни ёзда ҳам бемалол очиқ ерга экиш мумкин

14:45 05 Май 2022 Жамият
780 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги «Боғбон» агрокомплексида ташкил қилинган «In vitro» лабораториясининг Тойлоқ туманидаги филиали ҳисобланган мазкур иссиқхона гул шайдоларини ўзига мафтун этиши шубҳасиз.

Тойлоқ тумани кўчаларини гулга буркаб, чиройига чирой қўшаётган гулларнинг асл «ватани» ҳисобланган ушбу 2 гектарлик иссиқхонада мевали ва манзарали дарахт кўчатлари замонавий технологиялар асосида вегетатив усулда етиштирилмоқда. Лойиҳа доирасида 10 та доимий, 70 та мавсумий ишчи ўрни яратилган бўлиб, бу ерда 800 минг донагача пайвандтаг, пайвандланган кўчатлар ҳамда 12 турдаги гул кўчатлари парваришланади.

— Иссиқхонамизда шафтоли, ўрик, нок, гилос, олма ҳамда павлония дарахт кўчатлари ҳам мавжуд, — дейди лабораториянинг малакали мутахассиси Ойбек Сулаймонов. — Мевали дарахтларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан холи бўлган ҳамда қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий иқлим шароитига мос навлари, шунингдек, 1 гектар иссиқхонада турли гул кўчатлари етиштирилади. Интенсив усулидаги дарахт кўчатларимизнинг афзаллиги шундаки, уни нафақат баҳор мавсумида, балки ёз ойларида ҳам бемалол очиқ ерга экиш мумкин.

Кўчатлар нафақат туман ва вилоят, балки республика бўйлаб буюртмачиларга тарқатилмоқда. Нархлар эса ҳамёнбоп.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер