ТИВ Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юзасидан ўзбекистонликларга мурожаат йўллади

15:36 17 Июнь 2025 Сиёсат
311 0

Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юзасидан ўзбекистонликларга мурожаат йўллади. Бу ҳақида ТИВ расмий Telegram-каналида хабар берилди.

Сўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада кучайиб, қуролли тўқнашувларга айланди. Бу эса нафақат минтақада, балки бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Урушда ғолиб бўлмайди. Энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва шундай давом этади. Мамлакатимиз барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келмоқда.

Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга чақириб қоламиз. Можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туриш барчамизнинг умумий бурчимиздир, деб қўшимча қилинади хабарда», — дейилади ТИВ мурожаатида.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларимизни турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга чақирган.

Ўзбекистон ТИВ барча можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини, тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатлар ҳар доим юртимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер