Тинчлик йўлидаги атом энергетикаси иқтисодиёт тармоқларида мисли кўрилмаган ютуқлар омили бўлади

Сайёрамиз нуфусининг ортиб бориши, уларнинг қулай турмуш шарт-шароитларга интилиши, иқтисодиёт тармоқларининг жадал тараққиёти электр энергиясига бўлган талабни кун сайин оширмоқда. Шу билан бирга, уни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган табиий ресурслар захираси тобора чекланиб боряпти. Натижада дунё ҳамжамияти энергетика истиқболини қуёш, шамол каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда кўрмоқда. Улар орасида атом энергетикаси ҳам борки, у соҳа равнақида беқиёс аҳамият касб этаётгани барчага маълум.
Масалага электр энергиясига бўлган талаб 69 миллиард киловатт/соатни ташкил этадиган Ўзбекистон мисолида ёндашсак, унинг моҳиятини чуқурроқ англаймиз. Гап шундаки, шунча миқдордаги қувватни ҳосил қилиш учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади.
Келгусида бу рақамлар тобора йириклашиши турган гап. Чунки 2030 йилда электр энергиясига бўлган талаб 117 миллиард киловатт/соатга етиши айтилмоқда. Шундай экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан атом энергетикасига асос солинаётгани электр энергиясига бўлган кучли эҳтиёжни барқарор таъминлаш йўлидаги муҳим қадам, десак, айни ҳақиқат.
Очиғини айтиш керак, ҳамма жойда, хусусан, ўзбек халқида ҳам АЭС хавфли, аҳоли ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилмасмикан, қабилидаги хавотир, қўрқув бор. Аммо буларнинг барчаси асоссиз. Аслида, тинчлик мақсадлари йўлида атом электр энергетикасидан фойдаланиш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан ўта самаралидир. Атроф-муҳитга салбий таъсири ниҳоятда камлиги боис унга “яшил энергетика” сифатида таъриф берилади.
Чиндан ҳам Халқаро атом энергетикаси — МАГАТЭнингмаълумотларига қараганда, бугунги кунда жаҳоннинг 30 дан зиёд мамлакатларида 451 энергоблокка эга бўлган 191 АЭС самарали фаолият кўрсатяпти. Ядро реакторлари бўйича АҚШ, Франция етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатларда электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг 72,3 фоизи АЭС томонидан қопланади. Шунингдек, Хитой, Россия, Жанубий Корея сингари давлатлар ҳам бу жабҳада илғорлар қаторидан жой олган. Уран захиралари бўйича дунёда тўртинчи, уни ишлаб чиқаришда эса еттинчи ўринда турган Ўзбекистонда тинчлик йўлида атом энергетикасига пойдевор қўйилаётгани иқтисодиёт тармоқларида мисли кўрилмаган ютуқларга замин яратади.
Бинобарин, иқтисодиёт реал сектори, саноат тармоқлари ривожи энергетика билан чамбарчас боғлиқ. Бироқ охирги ўн йилликда бирорта ҳам янги электр станцияси ишга туширилмагани таъминотда айрим муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса соҳада муҳим чора-тадбирлар кўришни тақозо қилаётган эди. Демак, энг оқилона йўл — атом электр станцияси қурилаётгани масаланинг мақбул ечимидир.
Соҳа мутахассислари яхши билишадики, ҳозирги кунда АЭСнинг ўрнини боса оладиган бошқа ечим йўқ. Унинг афзалликларини тўртта йўналишда яққол кўриш мумкин. Биринчиси, экологик тозалиги, иккинчиси, хавфсизлиги, учинчиси, иқтисодий самарадорлиги, тўртинчиси, давлатнинг умумий ривожланишидагиролининг беқиёс эканидир.
АЭСнинг атроф-муҳит, экологияга таъсирини иссиқлик ёки гидроэлектрстанцияларники билан таққослайдиган бўлсак, жуда оз. Масалан, қуввати ўртача 1 гигаваттлик ИЭСда кўмир ёқилиши оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ кул ҳосил бўлади. Бундан ташқари, 300 метрдан баланд бўлган қувурлар орқали тутун билан бирга, 40 минг тонна учувчи куллар ажралиб чиқади. Буни қарангки, шу ҳисобда ИЭСда атроф-муҳитга ажралиб чиқадиган зарарли моддалар АЭСдагига нисбатан 11 баробар кўп. Бу миқдор жиҳатидан, албатта.
Энди сифат даражасига келсак, АЭСда ажралиб чиқиши мумкин бўлган инерт газларнинг ярим емирилиш даври бир неча соатдан 6 — 8 кунгача, холос. ИЭСдан чиққан моддалар узоқ яшайди, уларнинг ярим емирилиш даври эса бир неча минг йилга етади.
Яна бир мисол. Агар ҳозир ишлаб турган АЭС фаолиятини тўхтатиб, улар ишлаб чиқарадиган электр энергиялари кўмирда ишлайдиган ИЭСда ҳосил қилинса борми, бир йилда қўшимча равишда 380 миллион тонна карбонат ангидрид гази ажралиб чиқар экан. Яна бир муҳим жиҳати, АЭСда қўшимча иқтисодий сарф-харажатлар талаб этилмайди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда электр энергиясининг қарийб 85 фоизи газ ва кўмир ёқиш орқали, қолган 15 фоизи гидроэлектрстанцияларда ишлаб чиқарилади. Ушбу ер ости бойликлари йил сайин камайиши, демакки, нархининг ошиб бориши табиий. Углеводород ёқилғиси ёрдамида олинадиган электр энергияси таннархининг 65 — 70 фоизини ёқилғи нархи ташкил этса, уран нархи ядровий ёқилғи таннархининг атиги 4-5 фоиздан ошмайди. Яъни уран нархининг ўзгариши электр энергияси баҳосига деярли таъсир кўрсатмайди. У бир неча ўн йиллардан кейин ҳам ўзгармаслиги мумкин. Шу маънода, АЭС ҳозирги кунда энг арзон электр энергияси манбаи ҳисобланади. У ИЭС билан таққосланганда 1,5-2 баробар, қуёш энергиясига қараганда эса 5 баробар арзон.
Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорликда барпо этиладиган атом электр станцияси 2 энергоблокдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаваттга тенг бўлади. Бу — жуда катта рақам. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 18 — 20 фоизи, деганидир. Шубҳасиз, бу иқтисодиётимизда кескин ўзгаришларга туртки беради.
Янги қувват фойдаланишга топширилгач, йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Кўриниб турибдики, шунча миқдордаги қимматбаҳо ресурсни бошқа соҳаларда фойдаланиш, қўшимча қиймат яратиш, бир неча баробар кўп даромад топиш имконияти пайдо бўлади.
Тинч мақсадларда фойдаланиш учун мамлакатимизда экологик тоза, иқтисодий самарадор саналган атом энергетикасининг барпо этилиши, энг аввало, энергия ресурсларига нисбатан ички эҳтиёжни кафолатли таъминлаш, экспортни кўпайтириш, иқтисодий фаровонликка эришиш, муҳими, келажак авлодга табиий ресурсларни етказишда улкан ўрин тутади.
Илҳом СОДИҚОВ,
Ядро физикаси институти директори ўринбосари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг