Тиббиёт халқчил тизимга айланмоқда

21:44 22 Ноябрь 2022 Жамият
497 0

Халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгича мазмун касб этяпти.

Президентимизнинг тиббиёт соҳасининг бирламчи тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини татбиқ этишга қаратилган қатор Фармон ва қарорлари, бир неча бор ўтказилган видеоселектор йиғилишлари замирида ҳам халқ саломатлигига қаратилган эътибор ва ғамхўрликни англаш, ҳис этиш мумкин.

Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказгани, бундай шаклдаги учрашув мамлакатимиз тарихида илк маротаба ташкил этилгани ҳам соҳага қаратилаётган эътиборнинг юксак намунаси бўлди. Давлатимиз раҳбари тиббиёт олимлари, шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар, санитария-эпидемиология хизмати вакилларидан келиб тушган жами 25 мингдан зиёд мурожаатларни умумлаштириш ва тизимлаштириш асосида ишлаб чиқилган 7 та муҳим йўналишни белгилаб берди. Ҳар бир йўналишга алоҳида тўхталиб, янги ташаббусларни илгари сурди. Булар — бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш ҳамда касалликларнинг олдини олишдир.

Президентимиз бошчилигида ўтган олти йилда аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Ҳудудларда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Бу орқали илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар туфайли 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти жорий этилиб, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида ҳам ўтказилмоқда.

Тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан яна бири — соҳага хусусий секторнинг кенг иштирокига йўл очилганидир. Масалан, аввал бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда ва уларнинг сони 8 мингтага етди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан келтириладиган тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинадиган бўлди. Шунингдек, 2022 — 2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимида эскирган автомашиналар тўлиқ замонавий автомобилларга алмаштирилади ҳамда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади.

Бугун саломатлик посбонлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланмоқда, шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб бериляпти, олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган.

Чиндан ҳам, инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлиги, шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларидир. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этади. Кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилингани фикримизнинг исботидир.

Мамлакатда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели — бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, тиббиёт муассасалари халққа янада яқинлашмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Хусусан, ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани оналар ва гўдаклар ўлимини сезиларли камайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ўтган даврда патронаж хизмати мутлақо янгича асосда ташкил этилди. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро саломатлигини назорат қилиб бораётгани касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда катта роль ўйнамоқда.

Давлат тиббиёт муассасалари билан бирга, хусусий клиникалар сони кўпайиб, улар 129 та йўналишда фаолият кўрсатаётгани соҳада соғлом рақобатни, аҳоли учун танлаш имкониятини оширишга хизмат қилмоқда.

Халқ саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Келгусида соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, яқин беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш белгилангани бу борадаги режалар кўламидан далолат беради. Асосий вазифа — тиббиёт соҳасини юқори самара билан ишлайдиган, чинакам халқчил тизимга айлантиришдан иборат. Бу борада соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлим ҳолатларининг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини ўтказиш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича самарали чоралар амалга оширилади.

Яна бир жиҳатга тўхталмоқ жоиз. Ихтисослаштирилган марказларда ҳақиқий инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Мамлакатимизда юрак нуқсони билан туғилган болаларда йилига уч мингтагача операция ўтказиш эҳтиёжи бор эди. Лекин шу пайтгача академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти болалар кардиологияси бўлимида бир йилда, бор-йўғи, икки юз нафар бемор боланинг юрагини операция қилиш имкони бўлган. Бугунги кунга келиб, бир йилда 2800 бола операция қилиняпти. Чунки етарли тиббий имконият ва мутахассисларга эга бўлимлар Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Самарқанд вилоятларида ҳам очилди.

Битта соҳа бўйича ихтисослаштирилган ёрдамнинг ҳудудларда ҳам мавжудлиги катта ютуғимиз бўлди, деб ҳисоблаймиз. Бу клиникалар барча керакли тиббий анжомлар билан таъминланган, уларда малакали жарроҳ, анестезиологлар жамоаси фаолият олиб боради. Булар “Мана биз қуриб қўйдик, биз бўлим очдик”, деган бир томонлама қараш учун эмас, халқнинг корига яраш учун ташкил этилган муассасалардир. Бундай ўзгаришларни барча йўналишда кузатиш мумкин.

Масалан, гемодиализ хизмати аввал фақат Тошкент шаҳрида йўлга қўйилганди. Дори, сарфлов материаллари ҳам етмасди. Бир беморга тўрт соат гемодиализ сеанси олиб борилиши керак бўлса, уни бир соатгача қисқартириб, битта фильтрни битта касал ўзига уч-тўрт марта ишлатишга мажбур бўлган ҳолатлар кузатиларди.

Умуман олганда, охирги беш йил ичида буйраги ишламаслиги натижасида аппаратга боғланиб қолган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва тўлақонли яшаши борасида эътиборга молик ишлар бажарилаётир.

Пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу тўртинчи даражадаги тиббий марказ ҳисобланади. У Корея Республикаси кўмагида барпо этилган. Бу ерда юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига 1,5 мингдан ортиқ ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти мавжуд. Марказ магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Муассасада фаолият юритиш учун юздан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб келди.

Эътиборли жиҳати, жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар мутахассислари ва тиббиёт олий таълим муассасалари ўқитувчилари, талабалари жарроҳлик амалиётини онлайн кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади. Ана шундай жараёнларнинг бирига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ҳар қандай ота-она бетоб боласини малакали, тажрибали мутахассисга кўрсатгиси келади. Профессорлар томонидан бетоб болалар кўрикдан ўтказилган пайтда ота-онанинг қалбидаги қониқиш ҳиссини кўрсангиз эди! Бу қувонч, мамнунлик ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Ўйлайманки, бу ютуқларимиз халқимизга сифатли, самарали тиббий хизмат тизими яратилаётганидан далолат беради.

Шу ўринда тиббиётда амалга оширилаётган янги тизим — Сирдарё тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталсак. Тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари бугун устуворлик касб этяпти. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплиги ошмоқда, барча бўғиндаги тиббиёт тармоқларини рақамлаштириш ҳамда ўзаро интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизими жорий этилмоқда. Соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди.

Президент қарорига кўра, давлат тиббий суғуртаси механизмлари дастлаб Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилиши кўзланган бўлиб, натижасига кўра, республика бўйича жорий қилиш режалаштирилган.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари ўртасида шартномалар тузилиб, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар стратегик хариди йўлга қўйилган ва янги молиялаштириш тизими жорий этилган. Шартнома асосида, ҳар бир даволанган ҳолатлар сони ҳамда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб, ўтган йилнинг иккинчи ярмида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига қарийб 10 млрд. сўм тўлаб берилган.

Шунингдек, кафолатланган пакет доирасида кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, беморлар учун ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш қулайлигини янада ошириш мақсадида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилди. Бунда йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади ва бу фуқароларга давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини беради.

Сирдарё вилоятида тиббиётни ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, янги тизим бўйича ходимларни ўқитиш йўлга қўйилди, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб борилди. Вилоятда патронаж кўриклари мақбуллаштирилиб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий қилинди. Янги штат меъёрларига мувофиқ, поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида икки минг нафар бириктирилган аҳоли сонига 3 та штат бирлигида “тиббиёт бригада ҳамширалари” лавозими тасдиқланди. Оилавий шифокорга ёрдам берадиган ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббиёт бригадалари” ташкил қилинди. Бундан ташқари, жойларда оилавий шифокор томонидан тор соҳа мутахассислари консультацияси ва стационар даволаниш учун йўлланмалар бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Давлат тиббий суғурта тизими соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улушини, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларини сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини ошириш, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади. Бу тизимни юртимизда жорий этиш натижасида давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида рақобат муҳити юзага келади.

Қолаверса, у беморни битта тиббий муассасага боғлаб қўймайди. Агар фуқаронинг қўлида тиббий суғурта полиси бўлса, мамлакатдаги ўзи хоҳлаган клиникада даволаниши, ўзи истаган шифокордан тиббий маслаҳат олиши мумкин. Хасталик бўйича қайси шифо масканига мурожаат қилиш, врач қабулига ёзилиш, мутахассис ёзиб берган дориларни топиш каби масалаларга ҳам осон ечим топилади. Асосийси, фуқароларда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун зарур пул жамғармалари пайдо бўлади. Мақсад эса битта — у ҳам бўлса, соҳада самарадорликка ва яхши натижаларга эришиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳам устувор вазифалардан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра, инсоннинг саломатлиги турмуш даражаси, оилавий шароити, моддий аҳволи каби қатор омилларга алоқадор. Аммо энг кўп, аниқроғи, 85 фоизи соғлом турмуш тарзига риоя қилинишига боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзи тарғиботини фақат тиббиётнинг зиммасига ташлаб бўлмайди. Ҳар бир оилавий поликлиника, оилавий шифокор ва унинг патронаж ҳамширалари билан бирга маҳалла фаоллари, спорт инструкторлари, ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва ички ишлар профилактика инспекторлари иштирокида спорт мусобақаларини алоҳида тартиб асосида ўтказиш — давр талаби.

Зеро, пандемиянинг оқибатларини ҳар биримиз кўриб, гувоҳ бўлдик. Камҳаракатлилик турли касалликлар учун энг асосий омиллардан бири эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Демак, жисмоний фаоллик, доимий тиббий кўрикдан ўтиб туриш соғлиғимиз гарови эканини унутмайлик.

Ботир ДАМИНОВ,

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер