Тиббиёт йўналишидаги илмий-тадқиқот ва таълим масканларининг янги бинолари очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида ташкил этилган микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва соҳа вакиллари иштирок этди.
— Мазкур илмий-тадқиқот институтида паразитар касалликларни эрта ташхислашнинг замонавий ва самарали усулларини яратиш, даволаш механизмларини такомиллаштириш ва молекуляр даражада таҳлил қилиш орқали генотипларини аниқлаш, трансмиссив касалликларни ташувчи ҳашаротларнинг эпидемиологиясини текшириш, лейшманиоз касаллигини ташувчи москитларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича таҳлил қилиш каби илмий тадқиқотлар олиб борилади, — деди университет ректори Жасур Ризаев.
Ушбу илмий-тадқиқот институтида тўртда бўлим фаолият юритади. Уларда тиббий гельминтология, тиббий энтомология, одам протозой касалликларини ўрганиш ҳамда молекуляр-биологик ташхислаш амалиётлари бажарилади.
Илмий-тадқиқот институти PSR, IFA ва бошқа тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, унда йигирмага яқин юқори малакали ходимлар фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида “Зармед” хусусий университетининг янги биноси ҳам қурилди.
Ушбу таълим маскани давлатимиз раҳбарининг “Зармед Пратикша” кўп тармоқли тиббиёт марказига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш тўғрисидаги топшириғи доирасида барпо этилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бўлажак талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Университет ташкилотчиси, “Зармед холдинг” раҳбари таъкидлаганидек, таълим муассасаси айни пайтда талабаларни қабул қилишга тайёр. Лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Замонавий ўқув бинолари ва лабораториялар энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, бунинг учун 1 миллион АҚШ доллари сарфланган.
Беш қаватли бинода талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Уларнинг ихтиёрида ўқув ва бадиий адабиётлар, жумладан, электрон кутубхона, лингафон лабораториялари, интерактив доскалар билан жиҳозланган ақлли синфхоналари, ошхона, фаоллар заллари ва бошқалар мавжуд.
Таълим муассасаси очилиши билан 300 нафарга яқин киши доимий иш билан таъминланади. Биринчи босқичда 1000 нафар талабани ўқишга қабул қилиш режалаштирилган.
Янги университетда дарслар уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг