Терсак туризм қишлоғига хорижий сайёҳлар ташрифи бошланди

17:17 25 Апрель 2022 Жамият
958 0

Фото: Халқ сўзи

Ургут туманидаги Терсак қишлоғи пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган. Биргина ўтган йилнинг ўзида бу ерда йигирмага яқин оилавий меҳмон уйи расман фаолият бошлади.

Туристлар учун қишлоқнинг табиий маҳсулотлари, миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиш, урф-одатларни намойиш этиш, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари билан танишиш йўлга қўйилди.

— Тоғ ён-бағрида дам олиш масканларининг ташкил этилиши сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади, — дейди Терсак маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ғиёс Ғаффоров. — Маҳалламиз туризм қишлоғига айлантирилгач, 8 километр ички йўл асфальт қилинди. Йўлларнинг яхшиланганини кўрган аҳолининг кайфияти янада кўтарилди. Тадбиркорликни бошлаш, меҳмон уйлари очишни ният қилганлар сафи кенгайди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қишлоққа келиши ҳам ортди. Шу йил яна 2 та янги оилавий меҳмон уйи ташкил қилинди.

— 50 йилга яқин вақт давомида мактабда француз тили ўқитувчиси ва раҳбарлик вазифаларида ишлаб, пенсияга чиқдим, — дейди «Терсак шаршараси» оилавий меҳмон уйи бошқарувчиси Қўйсин Ҳасанов. — Ёшлигимдан сайёҳлик фирмасини очиш орзуйим бор эди, аммо бунга имконият бўлмаган. Мана, кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли хонадонимда хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлдим. Ҳовлимнинг бир қисмини меҳмон уйи учун ажратдим. Бу ерда 4 киши иш билан банд. Франция, Испания, Италия, Дания, Германия ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳларга хизмат кўрсатяпмиз. Куни кеча 10 нафар Франциялик меҳмонни кузатдик.

Мазкур қишлоқда тоғ туризми йўналишида 4 нафар гид экскурсовод фаолият юритади. Сайёҳларни пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш, қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништириш имконияти мавжуд.

— Бир куни телевизорда туризм қишлоқлари ҳақидаги кўрсатувни кўриб қолдим, — дейди яна бир оилавий меҳмон уйи бекаси Офият Худойбердиева. — Биз ҳам меҳмон уйи очсак бўларкан, деган фикр ўтди хаёлимдан. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, фарзандларим ёрдами билан иш бошладик. Дастлаб маҳаллий сайёҳлар, кейин Қозоғистон ва Россия давлатларидан ҳам меҳмонлар кела бошлади. Бизникига келган меҳмонлар томорқамиздаги кўл, узумзор ва олчазорга қизиқади. Аёллар сигир ва эчкиларимизни соғиб кўришни исташади. Нокамтарлик бўлсаям айтай, мен уларга чанқовуз ҳам чалиб бераман.

Қишлоқда ташкил этилган оилавий меҳмон уйлари бир вақтнинг ўзида 250 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилади. Зотан, табиати хушманзара, одамлари хушмуомала Терсакда бир марта меҳмон бўлган киши яна қайта келишни истайди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер