Термизда 41 ёшли эркак ўзини 6-қаватдан ташлаб ҳалок бўлди

22:11 18 Март 2026 Жамият
229 0

Видеодан кадр

Термиз шаҳрининг Фаровон массивида 41 ёшли эркак ўзини кўп қаватли уйнинг 6-қаватдан ташлаб, ҳалок бўлди. «Халқ сўзи»га бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Билдирилишича, Термиз шаҳар ИИБ навбатчилик қисмининг бугун, 18 март куни соат 12:00 лардаги хабарига кўра, 41 ёшли К.Ж. Термиз шаҳри «Боғишамол» МФЙда жойлашган 7 қаватли уйнинг 6-қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган.

Ҳодиса жойига Термиз шаҳар прокурори Р.Ибрагимов, прокуратура терговчиси О.Абсаматов, ИИБ бошлиғи М.Болтаев ва бошқа тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган. Фуқаро яшаган хонадондан 6 дона 1,5 литрли пиво спиртли ичимлиги, К.Ж.га тегишли эканлиги гумон қилинган 1 дона телефон ҳужжатлаштириб олинган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Сурхондарё филиалининг дастлабки мурда хулосасига кўра, К.Ж.нинг ўлимига «бел ва умуртқа суякларининг синиши, ички аъзоларининг эзилиши» сабаб бўлгани кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?