«Теракли»даги меҳр манзиллари

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Инсон қалбига илиқлик олиб кирувчи, меҳр билан узатилган ҳар қандай кўмак унинг ҳаётига нур, ёруғ кунларга умид эмас, қатъий ишонч бахш этади. Меҳр қўлида мана шундай қудрат бор. Эзгу мақсад йўлида жон куйдираётган юртдошларимиздан бири Олмалиқ шаҳрининг «Теракли» маҳалласидаги комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими Муниса Абдуллаевадир.
Маҳаллада 160 та хонадондаги 354 та оилада 1068 киши истиқомат қилади. Ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага индивидуал ёндашилмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга доимий эътибор қаратилмоқда.
— Ҳар бир инсоннинг орзуси, эҳтиёжи бор. Уларни эшитиш, дардига қулоқ тутиш ва малҳам бўлиш – касбий вазифамиздир, — дейди Муниса Абдуллаева. — Ёрдам олган инсоннинг миннатдорлиги, уларнинг оиласидаги мамнуният юртимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканини, мамлакатимиздаги кучли ижтимоий ҳимоя одамлар ҳаётига ёруғлик олиб кираётганини амалда тасдиқлайди.
Маҳаллада кўмакка муҳтож оилалар йўқ эмас. Уларнинг турмушини яхшилаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Абдуваҳоб Миннибоевга протез-ортопедия воситалари харид қилинди. Шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали унга кийим-кечак ва моддий ёрдам ҳам кўрсатилди.
Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Шерзод Жуманазаровга ҳам кўмак кўрсатилиб, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан дарс столи билан таъминланди.
Ҳозирги кунда ушбу маҳаллада яшовчи 7 та оила Ижтимоий реестрга, 2 та оила эса Камбағаллик реестрига киритилган. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий реестрдаги оилалар орасида Сафаргул Акбаева учун микротўлқинли печь олиб берилган бўлса, Муяссар Зокировага ҳам худди шундай ускуна етказилди.
Покиза Тоирова ўзининг оиласи билан муҳтож ҳолатда бўлган фуқаролардан бири эди. Унинг фарзандларига дарс столи ва ўйинчоқлар етказилди. Бундан ташқари, унга дори-дармон харажатлари учун моддий ёрдам берилиб, ҳозирда «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳаси асосида имтиёзли кредит ажратилмоқда.
— Болаларим учун дарс столи, ўйинчоқлар ажратилгани, камига моддий ёрдам берилганлигидан жуда қувондик. Эндиликда ўзимиз ҳам ҳаракат қилиб, нафақат ҳаётимизни, балки фарзандларимиз келажагини ҳам ўзгартиришга, яхшилашга интиламиз, — дейди Покиза Тоирова.
Айни пайтда Олмалиқ шаҳридаги 52 та маҳаллада 51 нафар ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим фаолият юритмоқда. Жорий йилда 3 926 нафар фуқаро мурожаати қабул қилиниб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг