Тенг имкониятлар кафолати

Ҳар бир бола сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўсиб-ривожланиш, билим олиш ва ижтимоий ҳаётга фаол қўшилиш имкониятини беради. Бугунги кунда бундай ёндашув бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда.
Бўстонлиқ тумани «Наврўз» маҳалласида яшовчи Саидакбар Бобоназаров ҳам махсус таълимга муҳтож эди. Унинг онаси Фотима Бакиева ўғлини тенгдошлари билан бирга ўқишини истади. Унинг фикрича, фарзанди алоҳида муҳитда эмас, балки жамият ичида камол топиши, у ерда мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриши муҳим эди.
Психологик-тиббий-педагогик комиссия тавсиясига асосан, Саидакбар мазкур тумандаги 3-умумтаълим мактабига қабул қилинди. Инклюзив таълим бошланганидан буён унинг ҳаётида кўп ўзгаришлар кузатилмоқда.
— Дастлаб жуда хавотирландим, — дейди онаси Фотима Бакиева. — Болам синфдошлари билан тил топиша олармикан, ўқитувчилар уни тушуна олармикан, деб ўйладим. Аммо бир йил ўтиб, Саидакбарнинг янги истеъдодлари намоён бўлаётганини кўриб қувоняпман. У ҳар куни мактабга хурсанд бўлиб боради.
Бу ўқитувчиларнинг меҳнати, синфдошларининг илиқ муносабати ва мактабда яратилган инклюзив муҳит самарасидир. Саидакбар нафақат ўқишда, балки спорт ва санъат соҳаларида ҳам ўз иқтидорини намоён қилмоқда. У теннис ўйнашни, расм чизишни яхши кўради. Футболга меҳр қўйган, жамоавий ўйинларда фаол қатнашади.
— Футболга бўлган қизиқиши синфдошлари билан ҳамкорлик қилишга ёрдам бермоқда, — дейди унинг ўқитувчиси Нилуфар Эргашева. — Болалар билан биргаликда ўйнаб, жамоавий мулоқотни ривожлантирмоқда. Мактаб тадбирларида фаол иштирок этади. Бу унинг ижтимоий ҳаётга янада яқинлашишига сабаб бўляпти.
Саидакбарнинг синф раҳбари Эргашева Нилуфар инклюзив таълим жараёнида алоҳида меҳнат қилмоқда. У боланинг таълим жараёнига тезроқ мослашиши, синфдошлари билан мулоқот ўрнатиши ва ўзига ишонч ҳосил қилиши учун барча имкониятларни яратиб бермоқда.
— Биз учун ҳар бир бола муҳим, — дейди Нилуфар Эргашева. — Саидакбар жамоа орасида ўзини эркин ҳис қилиши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилдик. Бошқа ўқувчилар ҳам унга илиқ муносабатда бўлиб, дўст тутинмоқда. Натижада у нафақат таълим олаяпти, балки ижтимоий ҳаётга ҳам фаол қўшилмоқда.
Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга мустақил ҳаёт кечиришга, ўз ўрнини топишга ва жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ёрдам беради. Бу нафақат айрим шахслар, балки бутун жамият учун катта ютуқдир.
Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Тошкент вилояти бошқармаси матбуот котиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг