Темир йўл кесишмасидаги тирбандлик қачон барҳам топади?
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Булунғур тумани марказидан ўтувчи автомобиль йўли билан темир йўл кесишмасидаги тирбандликлар кўп йиллардан буён аҳоли ҳамда ҳайдовчиларни қийнаб келаётган муаммолардан бири эди. Айниқса, сўнгги йилларда поездлар қатновининг кўпайганлиги кутиш вақтини янада узайтирди. Бу эса тез тиббий ёрдам, ёнғин ўчириш машиналари каби махсус транспорт воситаларининг манзилга ўз вақтида етиб боришига салбий таъсир кўрсатаётганди.
Ниҳоят бу кесишмада тоннель қурилишига киришилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 80 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, бунда темир йўл ўтказгичининг узунлиги 34,4 метр, кенглиги 20,48 метр, темир йўл ости баландлиги 5,5 метрни, тиркама деворлар узунлиги эса 880 метрни ташкил этади.
Айни кунларда мазкур объектда 40 нафардан ортиқ мутахассислар, 15 га яқин транспорт воситалари жалб этилган ҳолда бунёдлик ишлари олиб борилмоқда.
— Ҳозирга қадар 70 фоизга яқин ишлар бажариб бўлинди, — дейди иш юритувчи Бобур Асроров. — Қурилишда ишлатилаётган хомашё асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Объект битгач бир суткада 7 мингта автомобилни ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу лойиҳа доирасида узунлиги 1 570 метр автомобиль йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий кенглиги 16,55 метрни ташкил этади. Йўл автомобиль қатнов қисми, хавфсизлик тасмаси, сув қочириш тизими, велосипед ҳамда пиёдалар йўлаклари каби таркибий қисмлардан иборат бўлади. Бунда автомобиллар қатнови учун ўнг ва чап томонларнинг ҳар бирига 3,75 метрдан йўл қилиниши кўзда тутилган.
— Кейинги пайтда автомобиллар сони кўпайиб кетди. Қолаверса, ушбу автомобиль йўли ҳамда темир йўл кесишмасининг икки томонда ҳам ишлаб чиқариш корхоналари бор, аҳоли кўп, — дейди меҳнат фахрийси Нуриддин Худоёров. — Натижада бу ерда соатлаб кутиб қолишига тўғри келарди. Мана энди замонавий йўл ўтказгич қуриляпти. Келгусида бу катта қулайлик яратади. Одамларнинг вақти тежалади, узоғи яқин, оғири енгил бўлади. Бундан беҳад мамнунмиз.
Хуллас, ушбу объект ҳудудда транспорт ҳаракатида ўзига хос ечим вазифасини ўташи билан бирга, туманнинг замонавий қиёфасини яратишга ҳам асос бўлмоқда. Тоннель қурилиши жорий йилда якунланиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг