Театр томошабин билан файзли

16:03 25 Март 2025 Жамият
109 0

27 март – Халқаро театр куни

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган вилоят мусиқали драма театри кўп йиллик тарихга эга. Унда халқимиз ардоғидаги Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охунова, Турсуной Мамедова, Ўринбой Нуралиев сингари забардаст санъаткорлар меҳнат қилишган. Бугун улар ўрнини тўлдирган бир қатор иқтидорли ёшларнинг интилишлари ҳам устозларникидан кам эмас. Ўттиз бир нафарлик актёрлар жамоасининг тўрт аъзоси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони соҳиби, қолганлари «Маданият ва санъат фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Умидли ёшлардан бири Аброр Муҳиддинов Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган танловда «Йилнинг энг яхши театр актёри» номинацияси ғолиби бўлди.

— Телевидение, кино, интернет кучайиб бораётган бир пайтда етарли аудиторияга эга бўлиш театр учун осонмас. Азалдан ибратхона саналган масканга кирган кишининг намойиш этилаётган спектаклдан юраги «жиз» этмаса, ушлаб қолиш қийин, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рислиқхон Мажнунова. — Яқинда оила аъзоларимиз билан «Алвидо болалик» спектаклига тушдик. Тоҳир Малик қиссаси асосидаги асарнинг саҳна талқини томошабинни бефарқ қолдирмайди. Ёшлар тарбияси учун муҳим бўлган шундай асарлар тарғиботига кўпроқ эътибор бериш керак.

Репертуарни томошабинга маънавий озуқа берадиган асарлар билан тўлдириш ҳаракатидаги ижодий жамоа кейинги йилларда «Алвидо болалик»дан ташқари Ҳайдар Муҳаммаднинг «Ҳазилкаш шоҳ» эртак комедияси асосидаги «Ҳасанбойнинг саргузаштлари», Хайитмат Расулнинг «Зебунисо» мусиқали драмаси бўйича саҳналаштирилган спектаклларни мухлислар ҳукмига ҳавола этди. Қаҳрамонлар сиймоси маҳорат билан шакллантирилгани боис томошабин намойиш охиригача диққат билан кўради.

— Ўтган мавсумда спектаклларимиз 231 марта намойиш этилиб, юз мингга яқин киши томоша қилди, — дейди труппа раҳбари Бахтиёр Жалилов. — Мухлислар орасида талабалар кўп. Ҳар ойнинг бир санаси театр куни, деб эълон қилингандан сўнг меҳнат жамоалари, маҳаллалардан келувчилар ҳам кўпайди.

Ижодий сафарлар театр нуфузини оширади. Озарбайжон, Қирғиз Республикалари, Жанубий Кореяга ташрифлар ўзбек театр санъатининг хориждаги тарғиботи сифатида муваффақиятли кечди. Айниқса, Кореядаги учрашувлар ҳар икки томоннинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолади. Корейс санъаткорлари билан ўтган йилда Наманганга 63-Халқаро гуллар фестивалига келган чоғда маданий ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ҳамюртларимиз октябрь ойида корейсларнинг 70-Беакже миллий фестивалига қатнашди.

— Вакилларимиз фестиваль қатнашчиларига махсус театрлаштирилган дастурни туҳфа этишди, — дейди директор ўринбосари Нуриддинхўжа Абдураҳимов. — Улар томонидан ижро этилган «О ялли, ялли», «Наманганнинг олмаси» тароналари, миллий қўшиқ ва лапарлар ҳамда «Майсаранинг иши», «Боғбон қиз» спектаклларидан намойиш этилган парчалар, доира ва карнай садолари катта олқиш билан кутиб олинди.

27 март – Халқаро театр куни. Бу сана вилоятдаги бош санъат даргоҳида ҳам муносиб кутиб олинмоқда. Шу муносабат билан эълон қилинган ҳафталик давомида бепул томошалар ташкил этилиб, ҳар куни бир асар намойиш қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?