ТДИУда долзарб мавзуга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

13:56 28 Май 2021 Иқтисодиёт
412 0

Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Онлайн ва офлайн шаклда ўтказилган конференцияда вазирликлар, идоралар ва халқаро экспертлик марказлари, иқтисодчи олимлар иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов, Аёва университети профессори Тина Коффелт (АҚШ), Ўзбекистон Республикаси Молия вазири маслаҳатчиси Пол Ли (Жанубий Корея) қатнашиб, маъруза қилдилар.

Конференция ялпи мажлисида қуйидаги мавзулар муҳокама қилинди:

«Ўзбекистонда қулай инвестицион муҳитни яратиш»;

«Ўзбекистонда меҳнат унумдорлигини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш йўлидаги муаммолар»;

«Тадбиркорлик экотизимини ривожланишида АҚШ университетларининг роли»;

«Илмий тадқиқот менежменти: COVID-19» пандемияси даврида янги нормал реаллик»;

«АҚШда олий таълим ва касбий ривожланиш имкониятлари»;

«Озиқ-овқат сифати ва бюджет чекловлари: панель тадқиқотлари маълумотлари»;

«Ўзбекистонда капитал бозорининг ривожланиш истиқболлари»;

«Коронаинқироз» таъсиридаги турбулент шароитда Ўзбекистон Республикаси саноат ишлаб чиқариш ўсиш тенденцияси тикланишининг динамик кўрсаткичлари»;

“COVID-19»нинг таълим натижаларига таъсири ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш усуллари»;

«Барқарор ривожланишнинг уч макромаркетинг принциплари»;

“MSME (микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик) имкониятларини кенгайтириш орқали камбағаллик даражасини пасайтириш»;

«2050 йилгача ва ундан кейин Ўзбекистон ҳамда унинг минтақалари аҳолиси истиқболлари»;

“COVID-19» пандемиясининг кенг қамровли иқтисодий шоки шароитида авиаташувлар жаҳон бозорини қайта тиклаш механизми».

Халқаро конференция доирасида шакллантирилган секциялар бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби, истиқболдаги стратегик йўналишлар бўйича иқтисодчи олимлар, тадқиқотчилар, етук амалиётчи ходимлар ва халқаро экспертлар муносабатларини умумлаштириш шулар жумласидандир

Халқаро илмий-амалий конференция кун тартибидан келиб чиққан ҳолда 4 та секцияга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.

Анжуман иши давомида Ўзбекистон Республикаси Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича масъуллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Тараққиёт стратегияси маркази каби юқори ташкилотлар раҳбарлари ва ОТМ ректорлари қатнашди.

Шунингдек, Жаҳон банки, Конрад Аденауэр Фонди (Германия), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, АҚШ, Германия, Россия, Жанубий Корея, Индонезия, Малайзия, Чехия, Полша, Болгария, Янги Зеландия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари раҳбарлари, олимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этишди. Ўз навбатида, ташкил этилган мазкур конференция йирик мутахассисларнинг тажриба алмашишлари учун бир майдон сифатида хизмат қилди.

Конференция якунида қилинган маърузалар, конференция мақолалар тўпламида чоп этиши кўзда тутилган мақолалар асосида мамлакат иқтисодиётини истиқболдаги ривожланишида илмий ва амалий аҳамиятга молик таклиф ва тавсиялар тизимлаштирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?