Татаристон соғлиқни сақлаш вазири Жиззах вилоятидаги қатор объектлар фаолияти билан танишди
Юртимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари доирасида бугун Татаристон соғлиқни сақлаш вазири Марсел Минуллин бошчилигидаги делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмон дастлаб Жиззах шаҳрида ташкил этилган Қозон федерал университети филиали фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йил давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ташкил этилган мазкур олий таълим муассасасида айни пайтда 650 нафардан ортиқ талаба 11 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича таҳсил олади. Университетда тиббиёт бўйича ҳам 4 та — даволаш иши, стоматология, фармация ва тиббиёт биокимёси йўналишлари мавжуд.
Филиалдаги 21 та ўқув аудиториялари, 134 та ўқув лаборатория, хусусан, “BIG DATA” илмий-тадқиқот лабораторияси, симуляцион ва имитацион марказ талабаларнинг ўзлари танлаган соҳалари бўйича етук мутахассис бўлиб етишишларига хизмат қилади.
Биргина симуляцион ва имитацион марказда бўлажак тиббиёт ходимлари учун эндоскопия, виртуал-интенсив терапия, виртуал операция, УТТ, травматология, реанимация ва умумий парвариш хоналари ташкил этилган.
Марсел Миннулин ушбу олийгоҳда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, талабалар билан суҳбатлашди. Қолаверса, вазир ёшларнинг шижоати, илм олишга бўлган интилишидан мамнунлигини билдириб, келгуси ўқишларида омад тилади.
Шундан сўнг, Татаристон делегацияси вакилларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев қабул қилди.
Учрашувда вилоят тиббиёт муассасалари ҳамда Татаристоннинг нуфузли клиника ва тиббиёт олийгоҳлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмонларни ҳокимлик ҳудудида ёшлар учун ташкил этилган IT парк фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Сўнгра қардош мамлакатдан келган делегация вилоят ҳокими ҳамроҳлигида Жиззах шаҳрида жойлашган Президент мактабига ташриф буюрди.
Бу ерда иқтидорли ўғил-қизларнинг таълим олиш учун яратилган шарт-шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Хусусан, 2021 йилда очилган ушбу таълим даргоҳида бой китоб фондига эга кутубхона, робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўгараклари, физика, кимё, биология каби фанларни чуқур ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари мавжуд.
Мактабдаги ўқув-тарбия жараёнлари халқаро Cambridge Assessment International Education ва маҳаллий таълим тизими интеграциялашган ҳолда ташкил этилган.
Бундан ташқари, бу ерда қатор хорижлик малакали ўқитувчилар ёшларга таълим беради.
Навбатдаги манзил Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги қурилаётган биноси бўлди.
Татаристон соғлиқни сақлаш вазири 270 ўринга мўлжалланган марказнинг қабул ва операцион бўлимлари лойиҳаларини кўздан кечирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг