Таржима санъатидан — нафис дипломатия сари

15:32 30 Июль 2021 Маданият
1380 0

Тарихдан маълумки, буюк аждодларимиз юртимиз довруғини бутун дунёга ёйган. Ўрта асрлардан буён Ғарб мамлакатларида эл-юртимиз тарихи ва маданияти, тили ва адабиёти, бор қадимий ва бой маънавий меросимиз чуқур ўрганиб келинган.

Ватанимиз истиқлолга эришгач, жаҳон адабиётининг шоҳ асарларини ўзбек тилига таржима қилиш билан бир қаторда, бизнинг илмий, бадиий ва тарихий асарларимизни ҳам дунё тилларига, жумладан, француз тилига таржима қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бир пайтлари француз адабиётининг машҳур намуналари рус тили орқали ўзбек тилига таржима қилинган. Ўтган асрнинг сўнгги ўн йилликларига келиб француз тилидаги асарларни бевосита, яъни тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қилиш бошланди.

Бироқ Виктор Гюго ва Александр Дюма каби забардаст адиблар бадиий услубларининг сайқал топишига хизмат қилган жозибадор француз тилини мукаммал даражада биладиганлар саноқли экани ҳам бор гап. Шу маънода, айни соҳани юртимизда француз таржимашунослиги мактабининг асосчиси ва дарғаларидан бири — Шоазим Миноваровсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Моҳир таржимон, ўз касбининг устаси, камтарин инсон Шоазим Миноваров 1951 йилда Тошкент шаҳрида — жадидчилик мактабининг йирик вакили Мунавварқори Абдурашид­хонов хонадонида туғилган. Дарвоқе, 2020 йилда Ўзбекистон Президенти Фармонига кўра жадидчилик ҳаракати намояндалари – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланганда, Шоазим ака маърифатпарвар бобосининг муносиб вориси сифатида ана шу юксак давлат мукофотини қабул қилиб олган.

Ш.Миноваров 1973 йилда Ўзбекистон Миллий университети француз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, кўп йиллар давомида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган. Жумладан, собиқ СССРнинг Гвинеядаги элчихонасида, Жазоирдаги бош консулхонада хизмат қилган.

Истиқлол йилларида Шоазим ака Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Тошкентдаги Француз альянси раиси, Ислом цивилизацияси марказининг директори лавозимларида самарали фаолият олиб борди.

Айни пайтда Ш.Миноваров Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, шу билан бирга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқарув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Шоазим ака билан илк юзма-юз танишувимиз 1993 йил октябрида — камина Ўзбекис­тоннинг Франциядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда ЮНEСКОдаги доимий вакили бўлиб иш бошлаган даврда кечган. Кейинчалик, 1996 йили — Амир Темур юбилейи муносабати билан Парижда ўтказилган расмий тадбирларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга расмий ташрифи чоғида Ш.Миноваров давлат бошлиғининг француз тили бўйича таржимони сифатида нечоғлик маҳорат билан ишлашини бевосита кузатганман.

Ш.Миноваров бадиий адабиёт таржимони сифатида француз адибларининг бир қатор асарларини ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилгани ҳам диққатга лойиқдир. Хусусан, Шарл Перронинг «Она ғоз эртаклари», «Қизил қалпоқча», «Кулойим ёки биллур бошмоқчалар», «Устаси фаранг ёки этик кийган мушук», «Сеҳргарлар», «Кокилдор Рике» каби эртаклари, Ле Клезионинг «Одел. Мондо ва бошқа ҳикоятлар» асари, Франсуа Мориакнинг «Илонлар комида» романи, Чарлз Диккенснинг «Катта умидлар» романи (инглиз ва рус тилларидан), Монтескьенинг «Форс номалари» асари, Люсен Кереннинг «Буюк Темур» пьесаси, Патрик Модианонинг «Тўй саёҳати» романи, Мопассаннинг ҳикоялари шулар сирасига киради.

Шу билан бирга Ш.Миноваров миллий маънавиятимиз бойлиги ҳисобланувчи бир қанча китобларни, жумладан, таниқли ўзбек адиби Эркин Аъзамнинг «Алвидо, эртаклар» номли асарини, ЮНEСКОнинг «Темурийлар Уйғониш даври» китобини француз тилига таржима қилган. Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асари ўзбек, форс, рус, инглиз ва француз тильда ягона жилдда жам ҳолда Шоазим Миноваров раҳбарлигида Ислом цивилизацияси марказининг бир гуруҳ илмий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган.

2020 йилда Шайх Абдулазиз Мансур томонидан тайёрланган «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» китоби нашрдан чиққан. Ушбу муборак нашрнинг таҳрир ҳайъати аъзолари ҳисобланувчи таниқли олимлар сафида Шоазим Миноваров ҳам бор. У киши адабиётшунос сифатида ҳам кўплаб китоблар чоп эттирган, мақолалари матбуотда мунтазам эълон қилинмоқда.

Ҳар бир таржима қилинган асар халқларни бир-бирига яқинлаштиради, маданиятлар, маънавиятлар, тилларни бойитишга хизмат қилади. Ш. Миноваровнинг «Чўлпон Францияда» номли мақоласида қайд этилганидек, «Таржимачилик ёзма адабиёт билан бир пайтда пайдо бўлган. Агар Ибн Сино, Беруний, Улуғбек каби олимлар Птолемей, Платон, Гиппократларнинг асарларини араб тилига ва Толедода (Испания) Ўрта асрларда фаолият кўрсатган таржимачилик мактабидагилар Шарқ олимлари асарларини лотин тилига ўгирмаганларида, инсоният кўплаб илмий-маданий бойликлардан маҳрум қилинган бўларди».

Ҳақиқатан ҳам, олис тарихга назар солсак, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларида халқлар, маданиятлар ва адабиётларнинг ўзаро яқинлашиши ҳамда бир-бирларидан куч-қувват олиб якдил юксалишида айнан таржимонларнинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс бўлганини кўрамиз. Шундай экан, Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаётган янги Ўзбекистоннинг янада юксалиши йўлида Шоазим Минавваров каби фидойи зиёлиларимиз ҳали кўп хизмат қилиш­ларига аминмиз.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?