Тарбиячи нега болани калтаклади?

16:22 22 Август 2024 Жамият
129 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбек халқи — болажон халқ. Ҳар бир ота-она ўз боласини кўз қорачиғидек асраб-авайлайди. Товонига кирган зирапчани киприги билан олишга тайёр. Ҳеч ким ўғил-қизини бировга хафа қилдириб қўйишни истамайди. Боғча тарбиячиларининг болаларга салбий муносабатда бўлиши кўпчиликнинг нафратини қўзғатади. Дарҳақиқат, охирги пайтларда мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг боғча тарбиячилари томонидан калтакланиши кўп бора содир бўлмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Андижонда тарбиячи аввал икки болани уриштириб, кейин ўзи ҳам калтаклаганди. Хоразм вилоятининг Гурлан туманида жойлашган 23-сонли мактабгача таълим муассасасида боғча опа ёш болаларни калтаклагани учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганди. Шунингдек, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 16-боғчада фаолият юритувчи тарбиячи ҳам болаларни кетма-кет ёнига чақириб, шафқатсизларча юзига ва тана қисмига шиппак билан ургани учун ишдан олинди. Тошкент шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасаси ходими 3 ёшли тарбияланувчини ҳақоратлаб, калтаклади…

Ушбу салбий ҳолатлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, масъул ташкилотлар тарбиячи ва муассаса раҳбарларига жазо чораларини кўрди. Шунга қарамай, бундай нохуш ҳолат боғча тарбиячилари томонидан яна такрорланмоқда.

Яқинда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги боғчада тарбиячининг болага қўпол муносабатда бўлгани тасвирланган видеоёзув интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, фойдаланувчиларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди.

Денов туманидаги 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи машғулот пайтида 5 ёшли тарбияланувчини беодоблик қилгани учун гўёки уни тарбиялаш мақсадида қўлидаги чизғич билан урган.

Сиз ҳам ушбу тасвирларни кўргансиз. Доира шаклда ўтирган болаларга эътибор қилсангиз уларнинг барида қўрқув, хавотир бор. Калтакланаётган болада психологик ҳолат издан чиқиб бўлган. Бундай вазиятда ҳатто ота-она ҳам болани юпата олмайди. Тажрибасиз ва қайсар тарбиячи эса ўз сўзини ўтказишга уринади…

Воқеадан кейинги ҳолат ҳар доимгидек шаблон сценарий асосида давом эттирилди. Шу заҳоти вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси катта саҳнага чиқди. Болалар омбудсмани ўз муносабатини билдирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўз ишчи гуруҳини тузиб, масалага ҳуқуқий баҳо беришга киришди. Якун эса ҳар доимгидек ниҳояланиб, муносабатлар кетидан муносабатлар…

«Ўз меҳнат мажбуриятларини қўпол равишда бузгани учун Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-бандига асосан тарбиячи А.Г. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шунингдек, таълим муассасасида маънавий носоғлом муҳит юзага келгани, ўз ишида масъулиятсизликка йўл қўйгани сабабли ушбу мактабгача таълим ташкилоти директори билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг ўз аризасига мувофиқ бекор қилинди.

Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади».

Шу билан навбатдаги масала ёпилди. Муаммога бу тариқа ёндашув сабабли шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Хўш, мактабгача таълим ташкилотларида, айнан давлат тасарруфидаги муассасаларда болалар боғча тарбиячилари томонидан нега калтакланяпти? Бундай салбий ҳолат тез-тез кузатилишининг асл сабаби нимада? Муаммонинг илдизи қаерда?

Денов туманида содир бўлган воқеа билан боғлиқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қолдирган изоҳларни таҳлил қилсангиз, юқоридаги саволларга жавоб топгандай бўласиз.

«Facebook» фойдаланувчиларидан бири сўнгги вақтларда замонавий «боғча опалар»нинг тарбияланувчи болажонларни қўрқитиши, калтаклаши, «тренд»га чиқаётган гап-сўзлари анчагина болалаб қолганини ёзади. Аслида, аксарият мактабгача таълим тизимида ишлаётган ходимларнинг ўзлари қай даражада тарбияли, деган саволни ўртага ташлайди.

«Telegram» мессенжери фойдаланувчиси қолдирган изоҳида бахтга қарши бундай ҳолатларнинг кети узилмаётганига асосий сабаб сифатида қонунда белгиланган тарзда жазо чоралари кўрилмаётганини айтади.

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси тарбиячи ҳар йили мажбурий ўтказиладиган тиббий текширувга руҳий саломатлик негадир киритилмаганидан ажабланади. Шу билан бирга, аксар ҳолларда тиббий текширувлар ҳанузгача эскича қолипда — фақат қоғозда бажарилаётганини яширмайди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири Деновдаги воқеадан сўнг боласини боғчага жўнатмай қўйганини ёзади…

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиляпти. Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ойлик-маошлари оширилди. Юзлаб замонавий типдаги барча шароитларга эга болалар боғчалари қурилди. Хусусий болалар боғчаларини ташкил этишга кенг йўл очилди, уларга имконият ва қатор имтиёзлар берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 34 мингтага яқин мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда 3 миллион нафарга яқин 3−7 ёшли бола бор. Уларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакатда бу кўрсаткични 2026 йилгача 80 фоизга, 2030 йилга бориб 100 фоизга етказиш режа қилинган.

Ана шундай кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда боғча тарбиячиларининг болаларни калтаклаши кўп учраётгани дилни хира қилади. Ота-она мактабгача таълим ташкилотига фарзандини калтакланишидан қўрқиб жўнатмаслиги энг ачинарли ва ташвишли ҳолат ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?