“Тараққиёт” республика танловида қандай ўзгаришлар бўлди?

14:05 27 Февраль 2019 Жамият
1997 0

Мамлакатимизда истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида 2018 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ “Тараққиёт“ республика танлови ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди. Хусусан, танловда иштирок этиш учун махсус веб-порталда (www.taraqqiyot-tanlov.uz) республикамиз бўйича 8334 нафар талабгор рўйхатдан ўтди ва сўровнома тўлдирди. Сўровномалар танлов номинациялари бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада 4509 нафар иштирокчи танловда қатнашиш учун белгиланган талабларига жавоб бермаслиги аниқланди, 3825 нафар иштирокчи танловда қатнашишга тавсия этилди.

Танловнинг 1-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра 2455 нафар,

2-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра эса 1356 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга тавсия этилди.

2018 йилнинг 16 декабрь куни танловнинг ахборот-таҳлилий материал (доклад) тайёрлаш босқичи ўтказилди. Босқич натижаларига кўра, қарорга мувофиқ 300 нафар иштирокчи танлаб олинди ва навбатдаги босқичга тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2018 йил 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бир қатор вазифаларни амалга ошириш, шу жумладан “Тараққиёт“ республика танловини янада самарали ташкил этиш, номзодларга қўшимча имкониятлар яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Улар асосида 2019 йил 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 30 майдаги ПҚ-3755-сон қарорга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ:

1. Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловининг ғолиблари (кейинги ўринларда – ғолиблар) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) раҳбарлик лавозимларига тайинланганларидан сўнг тегишли йўналишларда ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танлов номинациялари бўйича камида уч ой муддатлик стажировка ўтайдилар.

2. Танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари (кейинги ўринларда – финалчилар) давлат ташкилотларига ишга олинганларидан сўнг ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари бўйича камида бир ой муддатлик стажировка ўтайдилар.

3. Танлов ғолиблари ва финалчиларининг ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида тегишли номинациялар бўйича стажировка ўташи – биринчи навбатда давлат ташкилотлари – танлов ғолиблари ва финалчиларининг иш берувчилари маблағлари, шунингдек, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтларининг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

4. Давлат ташкилотлари, зарур ҳолатларда, ўз маблағлари ҳисобидан танлов ғолиблари ва финалчиларини ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларига стажировка ўташга юборишдан аввал чет тилларини ўрганиш бўйича интенсив курсларда таълим олишини таъминлайди.

5. Ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида стажировка ўтаган танлов ғолиблари ва финалчилари зиммасига улар билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида танлов ғолиблари ва финалчиларини стажировкага юборган давлат ташкилотларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, танловнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ташкилоти ва идораларида бир ойлик стажировка ўташ босқичи, шунингдек, танлов ғолибларининг “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури” бўйича уч ойлик курсларда ўқишларини назарда тутувчи босқич бекор қилинди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 30 майдаги қарорига мувофиқ, танлаб олинган 300 нафар иштирокчининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест синови ўтказилиши, унинг натижаси бўйича финал босқичида иштирок этадиган

150 нафар номзод танлаб олиниши белгиланган.

Танловнинг финал босқичи 2 босқичдан иборат бўлиб, 1-босқичда номзодлар гуруҳларда муаммоли вазиятларни ҳал қилиши, 2-босқичда эса номинациялар бўйича танлов комиссиялари аъзолари билан якка тартибда суҳбат ўтказилиши назарда тутилган. Танлов ғолиблари ҳар тур натижаларига кўра аниқланади.

Танловнинг навбатдаги босқичларини ўтказиш вақти, жойи ва тартиби хусусида батафсил маълумотларни махсус веб-портал (taraqqiyot-tanlov.uz)нинг “Янгиликлар” рукнида танишиб бориш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?