Тақдирин қўл билан яратур одам
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Жондор тумани “Охших” маҳалласида истиқомат қилувчи Собир Арабов тирикчилик важидан икки йилча совуқ ўлкаларга бориб ишлади. Мусофирчилик машаққатларини чекди. Энди у кунлар бола-чақам деб яшаётган бу юртдошимиз учун ўтмишга айланди. С.Арабов айни дамда маҳалладаги “Нажмиддин Комил” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат қилмоқда.
— Корхонамиз мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, — дейди жамият раҳбари Камол Раҳимов. — Оилавий ишлаймиз. Уч нафар шогирдим бор. Буёғини сўрасангиз, оддий дурадгор уста эдим. Уйда туриб ишлардим. Кейин фаолиятни кенгайтириш фикри туғилди. Мебель маҳсулотлари тайёрлашга киришдик. Давлатимиз яратиб бераётган имтиёзлар туфайли, ҳокимлик ва маҳалламиз масъуллари қўллаб-қувватлаши билан шу корхона таъсисчисига айландим. “Охших” кичик саноат зонасининг ташкил этилгани маҳалламизнинг менга ўхшаган дурадгор-усталари учун айни муддао бўлди. Чунки аввал тарқоқ ҳолда ишлардик. Энди аҳвол тамоман ўзгарди. Банкдан ажратилган 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига замонавий дастгоҳлар харид қилдик. Ишлаб чиқариш цехи биносини тикладик.
Айтиш жоизки, дурадгорлик ва мебелсозлик маҳалланинг “драйвери” яъни ўсиш нуқтаси саналади. Бу ерда азалдан шу ҳунарга меҳр қўйган, дурадгорлик ортидан рўзғорини бут, бозорни тўкин этиб келаётган сулолаларнинг давомчилари яшайди. Улар саъй-ҳаракати билан ҳудудда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида айтса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда “Нажмиддин Комил” га ўхшаб мебелсозликка ихтисослашган ўнга яқин йирик корхона фаолият юритмоқда. Маҳаллий ёшлар тажрибали усталарга шогирд тушиб, стол-стул, шкаф, диван, кресло, ошхона жиҳозларини тайёрлаш сир-асрорларини ўрганмоқда. Юмшоқ ва қаттиқ мебеллар буюртма асосида нафақат ён-атрофдаги туманлар, балки қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилмоқда. Корхоналарнинг жами йиллик товар айланмаси 15 миллиард сўм атрофида. 40 турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади.
Маҳаллада тўрт минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. 684 та хонадон бор. Ҳудудда хизмат кўрсатишнинг бошқа йўналишлари ҳам ривожланиб бормоқда. Бу ҳозир долзарб саналган бандлик масаласига ечим топиш имконини бермоқда.
— Мен ҳам Собир акага ўхшаб Россия Федерациясига ишлагани борганман, — дейди маҳалладаги “Интизор файз мебел Бухоро” масъулияти чекланган жамияти ишчиси Фазлиддин Ҳакимов. — Кетар чоғимда қизчам олти ойлик чақалоқ эди. Орадан икки йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, уйга қайтдим. Бу орада қизалоғимнинг тили чиқибди. Аммо мени ёт кишидек қабул қилгани чатоқ бўлди. Анчагача кўниколмади. Ҳатто бир муддат “амаки” деб чақириб юрди. Мен шунда уйдан минглаб чақирим олисдалигимда фарзандимга оталик меҳру муҳаббати етишмаганини англаб, жуда ўксиндим. Энди она-юртимдан узоққа кетмайман. Ҳозир оилам даврасидаман. Болаларим тарбиясига вақт топаяпман. Муҳими, қўлимда ҳунарим бор. Ишлаяпман. Халқимиз “Қозонда бори чўмичга чиқади” деб бежиз айтмаган.
Фазлиддиндан фарқли тарзда Бобомурод Асадов хорижга ишлагани кетсамми-кетмасам, деган икки ўт орасида. Тумандаги “Пўлоти” маҳалласида яшовчи бу йигит икки ойча Россия Федерациясида ишлади, аммо оилавий сабабга кўра зудлик билан уйга қайтишга мажбур бўлди. Бобомуродни маҳалла биносида учратиб қолдик. “Бизга “бола пули” берилармикан”, деган умидда келган экан.
— Икки фарзандим бор, — дейди у. — Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Ёш болали. Ўзим дуч келган ишни қилиб, уч-тўрт сўм пул топаман. Чақалоғимни ҳозир сунъий сут билан озиқлантиришимизга тўғри келяпти. Кашани 187 минг сўмга сотиб оламан. Уч кунга етади. Шунинг ўзига бир ойда салкам икки миллион сўм сарфлаяпман. Отам, қариндош-уруғлардан насияга пул олиб турибман. Елкамдаги қарз ҳам 6–7 миллион сўмга бориб қолди. 25 ёшдаман. Айни ишлайдиган пайтим. Орзу-ҳавасларим бор. Шуларни ўйлаб, баҳорда хорижга ишлагани кетсаммикан, деб турибман.
Дарвоқе, маҳалла биноси эрталабдан одамлар билан гавжумлашади. Кимдир “бола пули”, кимдир моддий ёрдам сўраб келган, яна кимдир оилавий низо гирдобига тушиб қолган. Ари уясига айланган хонада мурожаатчиларнинг гап-сўзларини тинглаб, ҳудудда боқимондалик авж паллада, деган фикрга келасиз.
Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Азизбек Раҳмоновнинг таъкидлашича, кўплаб фуқаролар онгида “Бир четга чиқиб ишлаб келишим керак”, деган рефлекс ҳосил бўлган. Аксарияти қўлимда ҳунарим борми, бегона юртда тил биламанми, иш жойи тайинми, борсам қийналиб қолмайманми, деган саволларни ўзига бермайди. Оқибатда кутилмаган ташвишлар, муаммоларга дуч келиб, қийин аҳволга тушади.
Маҳаллада 2240 та оила, жами 8360 киши яшайди. Ҳудудда мавсумий ишлайдиган иккита ғишт заводини ҳисобга олмаса, йирикроқ бирор бир корхона йўқ. Чоғроқ тикув цехлари, иссиқхоналар бору улар билан бандлик масаласини ҳал этиш мушкул. Даромадли иш топилмагач, маҳалла фуқароларининг хорижга ишлагани кетиши одатий ҳол бўлиб қолган. Дейлик, 2024 йилги мавсумда 871 киши хорижга меҳнат қилгани жўнаган. Тўғри, уларнинг аксарияти совуқ тушиши билан ортига қайтди. Ҳозир уйда, оиласи бағрида. Аммо яшириб нима қилдик, кўпчилиги кўклам келиши, кунлар илишини кутмоқда. Уларнинг яна ишлагани ўзга юртларга отланиши эҳтимоли катта.
— Ҳудудимизда 14–30 ёшли 1701 нафар ўғил-қиз бор, — дейди маҳалла ёшлар етакчиси Ферузбек Шоназаров. — Уларнинг асосий қисми мактабларда, 325 нафари олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Хорижда ишловчилар сони мавсум пайтида 100 нафардан ошади. Ҳозир ҳам 18 нафари четда.
Қайтиб келганлар айни пайтда қандай иш билан машғул? Уларнинг бандлиги тўлиқ таъминландими? Бобомуродга ўхшаган қўлида ҳунари бўлмаган ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ишлари қай аҳволда? Бугун–эрта мактабни тугаллаб ишламоқчи бўлган ўғил-қизларга қандай иш ўринлари таклиф этилади? Афсуски, аҳоли, жумладан ёшлар сони кўп ҳудуд саналган Пўлотида шу каби саволларга жавоб олиш мушкул.
Фикримизча, бу масалаларга ечим топиш учун бандлик масаласини ҳал этишда яхши натижа кўрсатган “Охших”га ўхшаган маҳаллалар тажрибасини обдан ўрганиш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, тадбиркорликни ривожлантириш, 40–50 иш ўрнига эга корхоналар барпо этиш зарур. Бунда “Маҳалла еттилиги”га вилоят, туман масъулларининг, соҳага дахлдор ташкилотларнинг кўмаги керак бўлади, албатта. Токи, оз эмас, кўп эмас, 8 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган “Пўлоти” ҳар жиҳатдан намунали, ишсизликдан холи ҳудудга айлансин!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг