Тақдирин қўл билан яратур инсон
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугун дунёнинг ҳар бир қарич ерида инсон онгу тафаккури, айниқса, ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмаган янги авлод қалбини эгаллаш мақсадида кескин кураш кетаётгани айни ҳақиқатдир. Бу кураш бирда очиқ-ошкора, ёвузлик ниқобини кийган бўлса, баъзан юмшоқ куч воситаси, маданий йўллар орқали амалга оширилмоқда.
Бу ҳақида гап кетганда, глобал тармоқ, интернет олами хуружларини эсга олмаслик асло мумкин эмас. Афсуски, жаҳон ҳамжамиятининг интеграцияси эҳтиёжи тобора ортиб бораётган ҳозирги глобаллашув даврида, агар тўғри фойдаланилса, ижтимоий тармоқ билимлар хазинаси. Акс ҳолда...
Виртуал оламнинг шундай салбий жиҳатларини инобатга олиб, Франция, Италия, Кипр каби бир қатор давлатларда боғча, мактаб, коллежларда уяли телефонлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган. Японияда поезд купесида телефондан фойдаланиш маданиятсизлик белгиси ҳисобланади. Буюк Британияда олимлар асаб тизими энди ривожланаётган болалар учун мобиль телефон зарарли деган хулосага келди. Испаниялик олимларнинг таъкидлашича, мобил алоқа воситасидан атиги икки дақиқа фойдаланишдан кейинги икки соат давомида бола миясининг биоэлектрик фаоллиги сусайишини кузатиш мумкин. Бу уларга ўқиш, янги билимларни ўзлаштириш, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайишида катта зарар етказади.
Яширишга не ҳожат, бугун ёш оналар учун болани овунтиришда телефон энг қулай воситага айланган бўлса, болалар тенгдошлари ўртасида замонавий ва қиммат телефонлари, планшет, ноутбук, компьютери билан мақтанишга одатланди. Жамоат масканларида қулоқчин тақиб, ажнабий қўшиқлар оҳангига маҳлиё бўлган йигит-қизлар ҳаракатланиш қоидалари, одобини буткул унутмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги ноўрин хатти-ҳаракатлар, танишувлар туфайли чув тушиб қолиш, турли жиноий гуруҳлар қармоғига илиниш, ёш оилаларнинг ажрими кўп кузатилмоқда. Ёшларнинг кундалик ҳаёти, маънавияти, фаоллиги билан боғлиқ нуқсонлар янада ачинарлидир.
— Ўқувчилик йилларини бемаза одатлар билан беҳуда ўтказиб, ўз вақтида билим ва ҳунар эгалламай, кейин пушаймон бўлаётган шогирдларимизнинг аксарияти кечирим сўраб келади, — дейди Фарғона шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси Наргиза Ҳайдарова. — Айни пайтда ўқиётган ўқувчиларимизга йўқотилаётган олтинга тенг вақти, рамзий маънода, ухлаётган бахтини юқорида айтган ака-опалари мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра, яқинда вилоят ИИБда Киберхавфсизлик лабораторияси ташкил этилди. Лаборатория фаолиятига масъул ходимлар, энг иқтидорли талабалар жалб этилиб, ахборот технологиялари соҳасида тизимли ишлаш йўлга қўйилди.
— Бу ерда кибержиноятларнинг янги турлари ва шакллари, кибержиноятларнинг кўриниши, амалга ошириш тартиби ва ундан ҳимояланиш чоралари тўғрисида видеороликлар, флешбомлар тайёрлаш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида турли акциялар, тарғибот ишлари олиб борилади, — дейди Фарғона вилояти ИИБ Киберхавфсизлик лабораторияси бошлиғи Комронбек Қурбонов. — Шу билан бирга, соҳа эҳтиёжи учун АКТ, рақамли иқтисодиёт, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик, техник воситалар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш соҳасида тадқиқотлар амалга оширилади.
Айтиш жоиз, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар кўрсатиш кўламини ошириш, инновацион Start Up лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида фарғоналик ёшлар эришаётган ютуқлар эътирофга лойиқ.
— Бу йил вилоятда ушбу соҳада фаолият кўрсатувчи резидентлар сони 100 тага етиб, яратилган иш ўринлари сони 1200 дан ошди, — дейди IT Park Фарғона филиали директори Баҳромжон Жалилов. — Натижада биргина жорий йилда экспортга йўналтирилган корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, ҳозирда уларнинг сони 20 дан зиёдни ташкил этмоқда.
2024 йил мобайнида АҚШ, Япония, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Россиянинг соҳага ихтисослашган компаниялари вакиллари вилоятга ташриф буюриб, яратилган шароитларни юқори баҳолади. Ҳамкорликда филиаллар ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Яқинда бўлиб ўтган Prezident Tech Award танловида фарғоналик ёшлар “Онлайн ҳамшира” лойиҳаси билан фахрли биринчи ўринни эгаллаб, ушбу инновацион ғояни ривожлантириш учун 100 минг доллар билан рағбатлантирилди. Бундай ютуқлар салмоқли. Ўз навбатида, вилоятда ITни ривожлантириш нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада якунига етиб бораётган йилда вилоятдаги ўқув марказлари орқали 8 мингдан кўпроқ ёшларнинг билим ҳамда амалий кўникмалари оширилишига эришилди.
Аллома шоир Ғафур Ғулом айтганидек, “Тақдирин қўл билан яратур инсон, ғойибдан келажак бахт бир афсона...” Шундай экан, ҳаёти, тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган муҳим паллада ёшлар танловда адашмаслиги зарур. Чунки билим ва тафаккур бахт ва фароғатга элтади. Билимсизлик – боши берк кўча... Шуни унутмайлик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг