Танзила Норбоева раислигида селектор тарзида республика семинари ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ҳамда Оққўрғон туманларида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишларини маҳалладан бошлаш бўйича намунавий тизим ишлаб чиқиш юзасидан ишлар олиб борилганди.
Ўз навбатида, ишчи гуруҳ ташрифидан сўнг «Қирсадақ» маҳалласида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ишлар мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида йўлга қўйилди.
Сенат Раиси бошчилигида ушбу ишларни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш мақсадида селектор тарзида республика семинари ўтказилди.
Унда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бошқармалари, республикадаги барча маҳаллий Кенгашлар, унинг доимий комиссиялари, тижорат банклари вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳокимликлар вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 7 март куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқи давомида аёлларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб берганига яна бир бор тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Давлат раҳбарининг топшириғига асосан жорий йилда 9 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш, 205 минг нафар опа-сингилларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг камида 40 фоизи аёллар таклиф этган лойиҳаларга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Шунга мувофиқ ишчи гуруҳ томонидан ўтган қисқа вақт ичида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, республика бўйича маҳаллалар кесимида ишлаш истагини билдирган 589 минг хотин-қизнинг дастлабки рўйхати шакллантирилди. Ҳудудлар ва тармоқлар кесимида 2024 йилда 252 885 хотин-қизни касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки орқали хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид 250 та тавсиявий бизнес-лойиҳа тайёрланди.
Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги шахсларга қулайлик яратиш мақсадида «Лойиҳалар фабрикаси» электрон платформасини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилди, унга Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банкининг мавжуд электрон дастурлари интеграция қилиниши белгилаб олинди.
Шу билан бирга 2024–2025 йилларда тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 24 банддан иборат чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Семинар давомида Сенат Раиси ушбу мақсад ва вазифалар аниқ механизмлар асосида амалга оширилмаса, барча бирдек ҳаракат қилмаса, кутилган натижа бўлмаслигига тўхталиб, бу борада барча юқори ташкилотларнинг раҳбар лавозимида ишлаётган масъуллар энг қуйи тузилма – маҳаллагача тушиб, иш бошлаганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг семинарда «Қирсадақ» маҳалласи намунаси ҳудудларда ишни ташкил этишда мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг уларнинг қуйи тузилмалари, шунингдек «Маҳалла еттилиги»нинг олдидаги вазифаларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Бу борада тегишли давлат ташкилотлари, тижорат банкларининг масъуллари сўзга чиқиб, улар томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда барча ҳудудларга аниқ топшириқлар берилди.
Жумладан, Янгийўл тажрибасини барча ҳудудларда йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил этиладиган бўлди.
Мазкур ишчи гуруҳлар ҳар бир маҳалладаги ишсиз хотин-қизлар, уларнинг бандлигини таъминлашга оид эҳтиёжлари, имкониятлари, тадбиркорликка қизиқиши алоҳида саволнома асосида «хонадонбай» ўрганилишини таъминлайди.
Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишсиз ва даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларнинг аниқ рўйхати шакллантирилади ва улар мавжуд бўш иш ўринларига ҳамда янги яратилган иш ўринларига ишга жойлаштирилади, жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланади.
Тижорат банклари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик марказлари билан биргаликда апрель ойи якунига қадар маҳаллалар режалари асосида 2024–2025 йилларда тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича туман (шаҳар) дастури ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Олий таълим ва инновациялар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда йил якунига қадар 252 885 хотин-қизни ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишни таъминлайди.
Маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ҳунармандчилик, касаначилик ва томорқачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз вақтида субсидиялар ажратиш таъминланади.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ маҳаллалардаги ўрганишлари давомида аниқланган тиббий, психологик, ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлнинг муаммоси тўлиқ ҳал этилгунга қадар кузатувини йўлга қўяди ва зарур ҳолда қўшимча ёрдам кўрсатилишини ташкил этади.
Семинар якунида юқорида белгиланган вазифалар Сенат Раиси бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан мунтазам равишда мувофиқлаштирилиши, ишлар натижалари республика комиссиясининг жойлардаги мажлисларида доимий тарзда муҳокама қилиниши айтиб ўтилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг