Танзила Норбоева БМТ Бош котиби ўринбосари «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус билан учрашди

19:16 15 Май 2024 Сиёсат
106 0

Жорий йилнинг 14 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева БМТ Бош котиби ўринбосари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус билан учрашув ўтказди.

Учрашувда «БМТ-аёллар» тузилмаси билан ҳамкорликда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар уларнинг амалий натижаларига эътибор қаратилди.

С. Бахус хоним Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида билдирган таклифлари асосида ўтказилган Осиё хотин-қизлари форуми юқори савияда ташкил қилинганини таъкидлади ва уни ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари, уларнинг тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланаётгани, бу йўналишда аёлларга кенг кўламли имтиёзлар яратиб берилаётгани таҳсинга сазовор эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқотини йўлга қўйишдаги ташаббусини, шунингдек, Республика гендер тенгликни таъминлаш комиссиясининг барча аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги самарали фаолиятини юқори баҳолади.

Томонлар Республика гендер тенгликни таъминлаш комиссияси ва «БМТ-аёллар» тузилмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга тайёр эканлигини билдирдилар.

«БМТ-аёллар» тузилмаси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.

Мамлакатимизда «БМТ-аёллар» тузилмасининг ваколатхонасини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида тизимли мулоқотни давом эттириш муҳимлиги эътироф этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?