Танзила Нарбаева Бухоро вилоятининг қатор ҳудудларида амалий ташриф билан бўлди

03:38 12 Апрель 2023 Сиёсат
1216 0

Жорий йилнинг 10-11 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бухоро вилоятининг қатор ҳудудлари хусусан, Бухоро шаҳри, Бухоро, Ромитан ва Олот туманларида амалий ташриф билан бўлди.

У ерда маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, хотин-қизлар фаоллари, оқила аёллар, профессор-ўқитувчилар, талабалар билан учрашди ҳамда оилавий болалар уйида вояга етаётган ўғил-қизлар ҳолидан хабар олди.

Дастлаб Сенат Раиси вилоят ҳокимлигида маҳаллий Кенгаш депутатлари, котибият мудирлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳамда фаоллар билан учрашди. Улар билан Сенат ва маҳаллий Кенгаш фаолиятидаги ҳамкорлик масалалари, ҳар бир қонун ҳужжатларини ҳудудлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқиш, айнан бу борадаги ишлар янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам қатъий белгилаб қўйилаётгани, янги таҳрирда халқ муҳокамасига ҳавола этилган Конституцияга сезилган эҳтиёж, унинг ишлаб чиқилиши жараёни ва вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар, янгиланиш ва ривожланишларда депутатларнинг тутган ўрни юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида янгиланаётган Конституция лойиҳасини шакллантиришда умумхалқ муҳокамаси чоғида 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани, унинг қарийб 65 фоизи янгиланаётгани, 190 га яқин давлатлар конституциялари пухта таҳлил қилингани айтиб ўтилди.

Айниқса, Конституцияга нормалар замон талабига мос равишда киритилгани, биргина сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилган очиқлик, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ислоҳотларни Конституция билан мустаҳкамлаш мақсад қилингани алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, мулоқот давомида сўзга чиққан депутатлар янгиланаётган Конституциянинг асосий муаллифи халқ бўлаётгани, билдирилган таклифлар сўзсиз инобатга олинганлигини, Конституцияда ёшлар, хотин-қизлар масалалари юзасидан алоҳида нормалар сони оширилгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг Т.Нарбаева Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бўлиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар билан суҳбатлашди.

Учрашувда иштирок этган қарийб 500 нафар талаба янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси мазмун-моҳияти, унга киритилаётган нормаларга сезилган эҳтиёж ҳақида, барча ислоҳотлар бир мақсадга – ҳар бир инсоннинг ушбу юртда эркин яшаши ва баркамол ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилганини, Конституцияни янгилаш эҳтиёжи ҳам айнан амалга оширилган ўзгаришлардан келиб чиққанлиги алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, талаба ёшлар ҳам конституциявий ислоҳотларда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганидан мамнунликларини ҳамда 30 апрель санасида бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишларини, унда ўз келажаклари учун овоз беришга тайёр эканликларини билдирди.

Энг қувонарлиси, ушбу олий таълим муассасасида хорижлик талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги дўстона муҳит, тинчлик, аҳиллик, таълим олишга бўлган эътибор, халқчил сиёсат ҳақида ўз фикрларини баён қилдилар.

Сенат Раиси Бухоро шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида ҳам бўлди. У ерда яратилган шарт шароитлар билан танишиб, ўқитувчилар, хорижий тилларни пухта ўзлаштираётган, турли касб-ҳунарлар ўргатилаётган ўқувчи болалар билан суҳбатлашди.

Шундан сўнг вилоятнинг Олот туманидаги маданият марказида маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, оқила аёллар ва марказ ходимлари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Мулоқот давомида халқимиз ўз ҳаётидан мамнун яшашлари учун барча ижобий ишлар амалга оширилаётгани, маҳаллаларда яратилаётган шарт-шароитлар, бунда аҳоли вакилларининг хоҳиш истаклари инобатга олинаётганлиги, хусусан, очиқ бюджет ташаббуси орқали фуқароларга ҳавола этилган танлов имкониятлари, янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллага берилаётган янги ваколатларга тўхталиб ўтилди.

Ташриф давомида Сенат Раиси Бухоро ва Ромитан туманларидаги тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Айниқса, Бухоро туманида жойлашган, хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига бунёд этилган замонавий иссиқхона барчада ажойиб таассурот уйғотди. Мамлакатимизда тадбиркорликка қаратаётган эътибор, уларга берилаётган янгидан янги имкониятлар тадбиркорларни янада руҳлантириб, кўпроқ меҳнат қилишга ундаб, ишончини янада ошираётганлиги таъкидланди.

Қарийб 30 млн доллар инвестиция маблағлари ҳисобига ташкил этилган гидропоника усулидаги иссиқхонада ҳам таълим, ҳам илмий изланиш ва тадбиркорлик ишлари амалга оширилаётгани барчанинг эътиборини тортди.

Таъкидланганидек, мазкур корхона Бухоро давлат университети билан йўлга қўйган ҳамкорлиги натижасида юзлаб талабалар, асосан, аграномия йўналишида таҳсил олаётган ёш йигит-қизлар олийгоҳда олган назарий билимларини ушбу корхонада амалиёт ўташ орқали мустаҳкамлаб бормоқда.

Иссиқхонанинг устунлик жиҳати шундаки, бу ерда балиқ, лимон, помидор, қулупнай, шунингдек, яратилган сунъий иқлим шароити туфайли банан ва папая маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Ўз навбатида, Сенат Раиси корхоналар фаолияти билан танишиш жараёнида тадбиркорлар, ишчи ходимлар ва талаба ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг кайфияти, бугунги ҳаётимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар юзасидан фикрлари тингланди. Ходимларга яратилган ижтимоий меҳнат шарт-шароитлари кўздан кечирилди. Суҳбат жараёнида тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи қонунлар, норматив ҳужжатлар ва Президент фармон ҳамда қарорлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларга бу каби имкониятлар янгиланаётган Конституция нормалари орқали ҳам мустаҳкамлаб қўйилаётганлиги, бу борада давлат ўз зиммасига юксак масъулият ва бурчларни олаётганлиги тушунтирилди.

Ташриф доирасида Т.Нарбаева Бухоро шаҳридаги 2-сонли оилавий болалар уйида бўлиб, уларнинг шарт-шароити билан танишди. Фарзандлар ҳеч нарсадан кам бўлмай, ота-она меҳрини ҳис этиб вояга етишларини таъминлаш мақсадида болалар, уларнинг ота-оналари, Миллий гвардия ходимлари билан суҳбатлашди. Уларни ўйлантираётган муаммолари, таклифлари тингланди.

Шунингдек, Сенат Раиси сайилгоҳлар, касб-ҳунарга ўргатувчи марказлар ҳамда мактаблар фаолияти билан танишди. У ерда Президентимизнинг ташаббуси билан йўлга қўйилган янги тизим, аҳолини касбга ўргатиш жараёнлари билан танишди. Шу билан бирга аҳоли вакиллари, маҳалла аҳли, ёшларга ибрат бўлаётган нуроний отахонлар билан суҳбат жараёнида Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, ундан кўзланган мақсад, янги нормаларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Тарихда илк бор ташкил этилаётган бундай тадбирда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши зарурлиги, қандай бўлишидан қатъий назар ўз муносабатини билдириши лозимлиги айтиб ўтилди.

Сенат Раисининг Бухоро вилоятига сафари Бухоро шаҳридаги зардўзлик маркази ва музейига ташриф билан давом этди. Бу ерда «Тадбиркор аёллар клуби» аъзолари билан учрашув ташкил қилинди.

Марказий Осиёда ягона саналган ушбу ўзига хос зардўзлик мажмуасида бугун ишлар қизғин олиб борилмоқда. Маҳсулотлар маҳаллий бозорларга етказиб берилиши билан бирга, хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Мулоқот чоғида Т.Нарбаева давлат раҳбарининг ташаббуси билан республикамизда хотин-қизлар тадбиркорлиги қўллаб-қувватланаётганлигига, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ёшлар, хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасида янги нормалар киритилганлигига тўхталди.

Ташриф доирасида Сенат Раиси Вобкент туманидаги Ширин маҳалласида бўлиб, бу ерда маҳалла раиси, аҳоли вакиллари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоллари билан суҳбатлашди. Шунингдек, маҳалладаги аҳоли хонадонида ташкил этилган туристик марказ фаолияти билан танишди.

Шу билан Сенат Раисининг Бухоро вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер