«Халқ сўзи»да «Энг яхши мақолалар» танлови ғолиблари рағбатлантирилди

15:49 04 Декабрь 2021 Жамият
2790 0

Фото: "Халқ сўзи" / Сирожиддин Воҳидов

Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ҳар бир вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, фуқаролар фаол иштирок этиб, унинг равнақини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Албатта, ушбу жараёнларда оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрларнинг ҳам алоҳида ўрни бор, десак, муболаға бўлмайди.

Матбуот — давр ва замоннинг, ҳаётнинг маънавий кўзгуси. Ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилаётган эътибордан матбуот ҳам бебаҳра эмас.

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгаряпти. Барча соҳада ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳаётий заруратга айланган. Бундай мураккаб шароит олдимизга янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Шулардан келиб чиқиб, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Босма нашрларнинг бошқа ахборот воситаларидан ажралиб турадиган жиҳати борки, у воқеалар жараёнини авлодлардан авлодларга етказувчи тарихий манба ҳисобланади. Матбуот нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам беради. Бугунги ислоҳотларнинг туб моҳиятини кенг жамоатчиликка очиқ-ошкора, тушунарли тарзда етказувчи ҳам — матбуотдир.

Шу маънода, 2021 йил бошида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти томонидан «Энг яхши мақолалар» танлови эълон қилинган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур танловга элликдан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан ушбу газеталар саҳифаларида бугунги кунгача чоп этилган ижодий материаллар кўриб чиқилиб, улар орасидан мамлакатимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар кўлами таҳлилий, қизиқарли, таъсирчан, самимий ҳамда содда тилда акс эттирилган энг яхши мақолалар саралаб олинди.

Таҳририятда 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги арафасида мазкур танлов ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: "Халқ сўзи" / Сирожиддин Воҳидов

Маросимда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб, долзарб мавзулардаги таҳлилий-танқидий мақолалари билан фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганлар муносиб рағбатлантирилди.

Қуйида танлов ғолиблари билан танишасиз:

1. Баҳодир Собиров, Навоий давлат педагогика институти ректори.

2. Aлишер Усмонқулов, Жиззах политехника институти ректори.

3. Илҳом Собиров, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори.

4. Одил Aбдураҳмонов, Тошкент транспорт университети ректори.

5. Жанполат Кудайбергенов, Ёджу техника институти ректори.

6. Баҳром Абдуллаев, Урганч давлат университети ректори.

7. Байрам Отемуратов, Нукус давлат педагогика институти ректори.

8. Худойназар Юнусов, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори.

9. Садирдин Худойқулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори.

10. Маҳмуджон Болтабоев, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори.

11. Илҳомжон Тўхтасинов, Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори.

12. Ғофуржон Муҳамедов, Чирчиқ давлат педагогика институти ректори.

Эслатиб ўтамиз, танлов 2022 йилда ҳам ўтказилади ва ғолиблар таҳририятнинг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. Шундай экан, «Энг яхши мақолалар» танловида фаол иштирок этинг ҳамда ғолиб бўлинг!

Таҳририят.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?