Танишинг, Маҳкам Камолов ёхуд “Тутзор”даги тантана...

21:47 12 Октябр 2018 Жамият
2450 0

“Танишинг” демоққа тилимиз бормайди, қолаверса, инсофдан эмас, бу улуғ инсонни юртда танимаган, билмаган, эшитмаган одам борми? Лекин, назаримизда, у кишини бироз унутиб қўйганимиз ҳам бор гап. Бунга ҳамма қатори биз журналистлар ҳам бирдай айбдормиз. 

Маҳкам Камоловнинг ҳайратомуз биографиясидан қайси жиҳатини айтиб адо қилиш мумкин? 16 ёшида Иккинчи жаҳон уруши жангларига кириб, уруш оловларини бошдан оёқ аскарлик шинелида мардона кечиб ўтган мард ўғлон юртга қайтганда ҳали бўз йигит, бироқ кўкси орден-медалларга тўла эди. 

Рус ёзувчиси А.Ресковнинг “Ажойиб кишилар ҳаётидан” (“Жизнь замечательних людей” - 1976 й.) номли Москвадан чиққан китобида Маҳкам Камолов ҳақида бундай ёзади: “Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Усмон Юсупов Сталиннинг қарори билан СССР Пахтачилик министри қилиб тайинланиб Москвага кўчганда, Ўзбекистондан ўзи билан бирга Марказга олиб келган саноқли ходимлар орасида доимий ёрдамчи-котиби Маҳкам Камолов ҳам бор эди…”. Тасаввур қилинг, 1950 йилда Ўзбекистон раҳбари бўлган, собиқ СССР ҳукуматида И.В.Сталин билан Москвада ёнма-ён ишлашган Усмон Юсупов командасининг аъзосига айланган Маҳкам Камолов бугун Тошкент туманида 95 ёшини қаршиламоқда!.. 

Маълумки, Маҳкам ака Янгийўл туманида биринчи раҳбар сифатида машҳур пахта усталари – уч карра Қаҳрамон Ҳамроқул Турсунқулов, Меҳнат Қаҳрамонлари Абдулла Ортиқов, Маҳмуд Исматовлар билан елкама-елка ишлаб, Янгийўл туманининг довруғини таратди. 1960-йиллар охирида Маҳкам Камолов Тошкент вилоятида ва сўнгра 70-йилларда Наманган вилоятининг биринчи раҳбари сифатида вилоятларнинг ўша йиллардаги равнақига муносиб ҳисса қўшишга муяссар бўлди ва қаерда ишламасин, собиқ жангчидан ажойиб боғ-роғлар ёдгорлик бўлиб қолди. Шу боисдан бўлса керак, умрининг қарийб ўн йилини Ўзбекистон Мева-сабзавот ва узумчилик саноати қўмитаси раиси сифатида, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг“бош боғбони” бўлиб танилди. У кишининг раҳбарлигида ўша йилларда республикада 300 га яқин мева-сабзавот ва боғдорчилик хўжаликлари қад ростлади. Устозлари Усмон Юсупов ва Шароф Рашидовдан боғдорчилик эстафетасини қабул қилган Маҳкам ака қаерда ва қайси вазифада ишламасин, юртни боғ-роғларга буркаган, қутлуғ из қолдирган инсон сифатида ном олди. 

Тошкент тумани “Тутзор” маҳалласининг бир четидаги бир қаватли оддийгина уйга қадам қўйганда, бу хонадонда шу қадар юксак вазифаларда ишлаган, не-не вилоятларни бошқарган, неча йиллар вазирлик мақомида меҳнат қилган инсон истиқомат қилишига ишонгингиз келмайди. “Хокисорлик ҳам эви билан-да”, деб юборасиз беихтиёр. Бироқ, Маҳкам Камолов каби инсонларнинг устозлари ким бўлганлигини кўз олдингизга келтирар бўлсангиз, ажабланишга асос қолмайди: марҳамат, 20-25 йил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари бўлган устозлари Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ёки 10-15 йиллаб республика Министрлар Советининг раиси бўлиб ишлаган Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиевларнинг шахсий уйлари бўлмаган, ахир!.. 

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони аслида ана шундай халқ фидойиларини тақдирлашни назарда тутади. 1 октябрь – Жаҳон халқаро Қариялар куни муносабати билан ажойиб тақдир йўлини босиб ўтган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, давлат ва жамоат арбоби Маҳкам Камолов “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши қарори билан I-даражали “Меҳнат фахрийси” Олтин нишони ва пул мукофоти билан тақдирланган эди. “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши топшириғига биноан, жамғарма бошқаруви раиси Шуҳрат Жалилов ва унинг ўринбосари Шароф Убайдуллаев Маҳкам Камолов хонадонига ташриф буюриб, ушбу мукофотни у кишига тантанали топширар экан, 95 ёшини қаршилаётган бу улуғ инсонга айни пайтда Юртбошимизнинг қизғин саломлари ва тилакларини ҳам етказди. 

– Жанг ва меҳнат майдонларида ўнлаб мукофотлар олишга муяссар бўлдим, – дейди қувончидан кўзлари ёшланган Маҳкам бобо Камолов. –Бироқ бугунги мукофот ва айниқса, мамлакатда инқилобий бурилиш ясай олган Президентимизнинг алангали саломлари ва самимий тилаклари менинг ҳаётимда унутилмас воқеа ва ёддан чиқмас кун бўлди. 

Тантанада Маҳкам Камоловнинг сафдошлари ва шогирдларидан Раҳим Ражабов, Шавкат Юлдошев, Виль Камолов, Маҳмуд Ғафуров ва бошқалар юбилярни қизғин табриклади. 

Тошкент туманининг “Тутзор” маҳалласида “Нуроний” жамғармаси уюштирган қутлуғ шодиёнада жамғарманинг Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва тумани фаоллари иштирок этди. “Тутзор”да чин байрам бўлди.
Муҳаммад Сиддиқ

Манба: ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?