Таниқли шоир ва драматург Ҳайдар Муҳаммад вафот этди
Фото: Иллюстратив фото
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва драматург, «Дўстлик» ордени соҳиби Ҳайдар Муҳаммад вафот этди. «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Ҳайдар Муҳаммад 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кечки филология бўлимини тугатган (1966). Ўзбекистон телерадиосида муҳаррир (1965-1976), Маданият ишлари вазирлигида масъул вазифаларни (1976-1980) бажарган. Кўп йиллар Ҳамза номли Академик драма театрида адабий эмакдош вазифасида хизмат қилган.
Унинг биринчи шеърий тўплами «Кўнглим менинг» номи билан 1975 йилда нашр бўлган. Шундан сўнг «Олчамнинг туғилган куни» (1978), «Йўлларингга муштоқман» (1979), «Ипак гиламлар» (1990), «Ҳазилкаш шоҳ» (Сайланма, 1994) каби шеърий ва драматик асарлари, тўпламлари чоп этилган.
Ҳайдар Муҳаммад мусиқа жанрининг жуда кўп турлари учун шеърлар ёзган, «Шоир овози» достони (Сайфи Жалил мусиқаси), «Ёшлигим» сюитаси (Д. Зокиров), «Менинг оппоқ қўшиғим» каби туркумлари (Баҳрилло Лутфуллаев мусиқаси) шулар жумласидандир. Унинг «Тошкентнинг нозанин маликаси» (Манас Левиев мусиқаси), «Кўнгил – чинни пиёла» (1987, Комил Кенжаев мусиқаси), «Куёвлар конкурси» (1991, Р. Азизхўжаев билан Т. Ҳасанов мусиқаси), «Ҳар кимки вафо қилса…” (1994, Бобур ҳақида. А. Исмоилов, С. Ҳайитбоев мусиқаси) каби мусиқали драма ва комедиялари томошабинларга манзур бўлган.
Ҳайдар Муҳаммаднинг қатор латифа, интермедия, ҳажвий ҳикоялари «Муштум» журнали ва газеталарида чоп этилиб, «Табассум» радиостудияси ҳамда телевизион миниатюралар театрида фойдаланиб келинади.
Республикамиз халқ театрлари адибнинг «Ипак гиламлар», «Навоий бир куни», «Улуғбек шарофати», «Берунийнинг бахт эшиги», «Севги жазаваси», «Собир Раҳимов ва хоин», «Чиройли аёлнинг илтимоси» каби асарларини ҳам саҳналаштирган.
Ҳайдар Муҳаммад таржимасида озарбайжон драматурги Анорнинг «Занжир ёки қиёфалар» (Муқимий театри), туркман драматурги Ҳ. Мухторнинг «Неварали келин» (Самарқанддаги Ҳ. Олимжон номли театр), бошқирд драматурги Фарид Богдановнинг «Тунги меҳмон» (Ҳамза номли ўзбек Давлат академик драма театри) каби асарлари ўзбек саҳнасига чиққан.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг