Таъмирталаб йўллар тобора қисқариб бормоқда

23:36 19 Сентябр 2022 Жамият
932 0

Фото: Халқ сўзи

Кейинги йилларда республикамизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга бўлган эътибор ортди. Натижада узоқ йиллар давомида ечимини кутиб турган муаммолар ижобий ҳал бўла бошлади. Шаҳрихон туманидаги Улюз маҳалласи йўли ҳам абгор ҳолатда бўлиб, одамлар ёзда чангдан, қишда лойдан азият чекиб келаётганди. «Обод қишлоқ» давлат дастурининг ижросини таъминлаш доирасидаги ишлар туфайли маҳаллада ободонлаштириш ишлари бошланди. Натижада 1,2 км.дан иборат ички йўл эни 4,5 метр, қалинлиги 18 см.дан иборат бетон қоришма билан қопланди.

— Ҳукуматимиз шунчалик эътибор қаратиб, турмуш шароитимизни яхшилашга ҳаракат қилаётган экан, биз фуқаролар ҳам бунга жавобан барпо этилаётган қулайликларни асрашимиз керак, — дейди меҳнат фахрийси Аҳмадали ота Искандаров. — Уйимизда битта ғишт оёғимиз остида турган бўлса, уни олиб, авайлаб, бир четга қўямиз. Маҳалла ҳам бизнинг уйимиз. Ундаги ҳар бир нарсани асраш бизнинг бурчимиз. Айтишларича, йўлимиз, камида 10 йил хизмат қилармиш. Агар унга беэътибор бўлмасак 15-20 йил бемалол фойдалана оламиз.

Бугун вилоятда 10 минг 883 км ички йўллар мавжуд бўлиб, шундан 4 минг 504 км ички хўжалик йўллари таъмирга муҳтож. Ҳар йили амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари туфайли бу рақамлар қисқариб бормоқда. Бу эса ҳамюртларимизнинг фаровон турмуш кечиришлари йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ифодасидир.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?