Мактаб таълими: унинг пойдеворини бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак

10:32 29 Январь 2022 Жамият
555 0

Тарихга назар ташласак, буюк алломаларимиз ўзларининг улкан илмий мероси билан дунёга жуда кўп кашфиётларни тақдим қилишган. Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино ва бошқа мутафаккирларнинг изланишлари, ихтиро ҳамда кашфиётларидан ҳозир ҳам Ғарб дунёси тараққиёт йўлида фойдаланяпти, дея бемалол айта оламиз.

Ҳар соҳада, хусусан, таълим йўналишида ҳам ривожланган мамлакатлар қаторида бўлиш Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан биридир.

Шу боис кейинги йилларда ушбу тизимни, илм-фанни ҳар томонлама тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим-тарбия тизими сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларда замонавий билим ҳамда кўникмаларни шакллантириш, таълим ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, шунингдек, таълим узвийлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу бежиз эмас. Зеро, келажак билимни чуқур эгаллаган жамиятларга тегишли бўлади.

Хўш, таълимга қаратилаётган эътибор нималарда кўринади? Аввало, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган кўплаб Фармон ва қарорлар туб моҳияти мана шу соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Чунки таълимни, мактабларда ўқитиш сифатини яхшиламасдан туриб, замон талаблари асосида иш ташкил этмасдан туриб кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

Саъй-ҳаракатлар эса бесамар кетаётгани йўқ. Бугун ислоҳотлар таълимга оид барча муассасалардаги замонавий шароитлар, ўқувчи-ёшлар ва талабаларнинг илм-фан бўйича қўлга киритаётган ютуқлари ҳам шундай дарак беради.

Шу йилнинг 26 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Уни кузатиб, ўзим учун алоҳида чора-тадбирлар режасини тузиб олдим. Сабаби йиғилишда ҳар бир соҳани, хусусан, таълимни янада ривожлантириш, ўқувчи-ёшларни интеллектуал салоҳиятини, билимини, умуман, таълим сифатини ошириб бориш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимиз раислигида ўтказилган навбатдаги яна бир муҳим видеоселектор йиғилиши ҳам айнан мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланди. Бу ҳам таълим-тарбия масаласи давлатимиз раҳбарининг эътиборида эканининг амалдаги ёрқин исботидир.

Қайд этилдики, мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис охирги тўрт йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди.

Янги Ўзбекистонимиз янги даврга қадам қўйди. Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш ҳам айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилгани ҳам бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, таълим соҳасидаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак.

Яна бир ҳақиқат шуки, шу пайтгача фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаяпти.

— Умуман, ўқитиш методикаси, дарсликлари, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқамиз. Таълимга, муаллимга шароит яратмасак, жамият ўзгармайди. Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади. Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади, — деди Президентимиз.

Дарҳақиқат, таълимга эътибор берилмаса, давлат кўп нарсадан ютқазади, тараққиётдан ортда қолиб, жамият эса ўзгармайди. Шу боис, йиғилишда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар доим инсон қадри учун қайғуради. Йиғилишда юқори малакали, изланувчан, ўзининг «маҳорат мактаби»га эга муаллимларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар белгиланишини таъкидлади. Унга кўра, эндиликда Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этиладиган бўлди. Мазкур жамғармага дастлаб бюджетдан 300 миллиард сўм ажратилади. Жамғарма маблағлари илғор педагогик технологияларни жорий этаётган, ўқувчилари юқори натижаларга эришган муаллимларга ҳам берилади.

Рағбат ҳар бир соҳа фидойиларига куч-ғайрат, шижоат беради. Худди шундай, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига ҳам. Биз эса яратиб берилаётган шарт-шароитлар, эътиборга мос равишда бор салоҳиятимиз билан соҳа ривожига ҳисса қўшишимиз лозим.

Бугунги кунда бизнинг мактабимизда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча қулайликлар яратилган. 5 муҳим ташаббус доирасида ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт ва санъат йўналишларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, мусобақа ҳамда кўрик-танловлар ташкил этиш доимий эътиборимиз марказида, десам, муболаға бўлмайди.

Мақсадни баланд қўйганмиз: у ҳам бўлса, Ўзбекистонни таълим индекси бўйича ривожланган мамлакатлар қаторига қўшиш, навқирон авлодни жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга, асосийси, она Ватанига содиқ қилиб тарбиялашдан иборатдир.

Бу йўлда қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қиламиз, барча эътибор ҳамда ресурсларимизни сафарбар этамиз. Зеро, таълим-тарбия масаласи, бу — ҳаёт-мамот масаласидир.

Интизор ҚУРБОНОВА,

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги

269-умумтаълим мактаби директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?