Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори Азмиддин Садриддинович Садриддинов вафоти муносабати билан ҳамдардлик
Машинасозлик соҳасидаги таниқли олим, Тошкент давлат техника университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори Азмиддин Садриддинович Садриддинов шу йил 4 декабрь куни 89 ёшида вафот этди.
А.Садриддинов 1936 йил 26 июнда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент енгил саноат институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таълим олди. Меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент техника университети)да катта лаборант вазифасида бошлади. Ушбу ўқув даргоҳининг аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Истеъдодли олим Тошкент техника университетида катта ўқитувчи, доцент, Механика, Трактор ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги факультетлари декани, биринчи проректор, профессор, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари каби лавозимларда самарали хизмат қилиб, мамлакатимизда юксак малакали кадрлар тайёрлаш, аграр соҳани замон талаблари асосида механизациялаштиришга доир илмий ишланма ва қўлланмалар тайёрлаш, уларни амалиётга жорий этиш жараёнларига муносиб ҳисса қўшди.
Заҳматкаш олим ва педагог 65 йилдан зиёд вақт мобайнидаги серқирра фаолияти давомида пахта териш машиналарини такомиллаштириш бўйича самарали тадқиқотлар олиб борди, ушбу йўналишда кўплаб мақолалар, рисола ва монографиялар, амалий ишланма ва методик қўлланмалар яратди. Айниқса, агротармоқ ривожи учун долзарб аҳамиятга эга бўлган 40 дан зиёд илмий лойиҳалар, давлат грантлари ва хўжалик шартномалари асосидаги илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилгани, пахта териш машиналарини такомиллаштириш бўйича лаборатория базасига асос солгани мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида техник ва технологик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Устоз олим тажрибали педагог сифатида кўплаб шогирдлар тайёрлади, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва 5 та докторлик илмий иши ҳимоя қилинди.
А.Садриддиновнинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик механизатори» фахрий унвони, «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланди.
Таниқли олим ва педагог, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Азмиддин Садриддиновнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
- Президент пойтахтда транспорт тизимини янгилашга доир муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг