Таълим сифатини ошириш — энг долзарб масала

14:54 16 Январь 2023 Жамият
909 0

Минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган она заминимизнинг ҳар бир даврида жамият тараққиёти билим ва маърифат билан боғланганлиги буюк алломаларимизнинг қолдирган илмий-маърифий мероси орқали барчамизга маълум. Айниқса, ислоҳотларни жамиятимизнинг салмоқли қатлами бўлган ёшларнинг орзу-интилишлари, таълим-тарбияси, келажаги ҳамда глобал технологик жараёнларни ҳисобга олган ҳолда таълим тизимида ўтказилаётганлиги албатта вақти келиб кутилган самарани беради.

Ўтган йилнинг 29 декабрь куни мамлакатимиз раҳбари таълим соҳаси мутасаддилари ҳамда фаол ўқитувчилар билан мулоқот ўтказиб, бугунги глобаллашув даврида эртанги кунимиз эгалари бўлган баркамол авлодни вояга етказишда таълимнинг ўрни ва аҳамияти нақадар юксак эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитиш методикасини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, ўтган уч йил давомида дарсликларни янгилаш бўйича бир қатор самарали ишлар олиб борилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан илғор хорижий методикалар асосида 1-4-синф китоблари янгидан тайёрланди. Мазкур дарсликларнинг XXI аср кишиси учун энг зарур бўлган «4К» кўникмаси бўйича ишлаб чиқилган (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация)лиги таҳсинга сазовордир.

Мазкур кўникмалар ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиради. Бошланғич синф ўқувчилари учун ишлаб чиқилган мазкур дарсликларнинг ўзига хос жиҳатлари шундан иборатки, уларни тайёрлашда PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурлардаги намунавий вазифалар асос қилиб олинган. Дарслик билан бирга машғулот дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳам чоп этилган.

Шунингдек, бу тизимга Estudy электрон таълим платформаси интеграция қилинган. Ундан ўқувчилар дарс пайтида ҳам, дарсдан бўш вақтда ҳам фойдаланишлари мумкин. Бу эса уларнинг ўз билимларини янада мустаҳкамлашга имкон яратади. Шу билан бирга, учрашувда яратилган мазкур дарсликларни фарзандларимизга етказувчи шахс, албатта муаллим эканлиги, шу боис муаллимнинг обрўсини кўтариш ҳақида такрор-такрор фикр юритилганлиги бежиз эмас.

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга қилган Мурожаатномасида мактабларда дарслар мавжуд 22 та фан бўйича олиб борилаётганлиги, бундан буёғига эса ёшларга креатив соҳаларда дарс бериш лозимлиги айтиб ўтилди. Тизимни ислоҳ қилиш баробарида фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз кераклиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз таълим тизимида, жумладан, олий таълимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юз берган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу борада қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Яна бир жиҳат, бугун таълим сифатини ўқувчининг ўзи талаб этмоқда.

Фарғона давлат университетида ҳам сўнгги йилларда таълим сифати ҳамда талабаларни муносиб таълим олишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Жумладан, таълим кредит-модуль тизими асосида олиб борилмоқда. Профессор-ўқитувчиларга бугунги кун талабаларидан келиб чиққан ҳолда талабаларга билим бериш вазифаси қўйилмоқда. Ўқув режалари такомиллаштирилиб, иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасаларнинг талабалари асосидаги танлов фанлари билан бойитилмоқда. Олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, жамиятга сифатли кадрларни тайёрлаш асосий масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Талаба-ёшлар дастлабки курсдан илм-фан ва тўгаракларга йўналтирилмоқда.

Сўнгги йилларда оилали ва фарзандли талаба қизларнинг таълим олиши учун уларга қулайлик яратиш мақсадида она ва бола хоналари фаолиятини йўлга қўйиш масаласига ижодий ёндашган ҳолда мактабгача ва бошланғич таълим факультети қошида «Болажон» инновацион маркази ташкил этилди.

Ушбу марказ нафақат факультетимизнинг оилали талабаларига, балки бутун университетнинг жамоасига бепул хизмат қилиб келмоқда. Инновацион марказда боғча тарбиячиси ҳам мавжуд, у болаларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида қисқа муддатли гуруҳларда «Илк қадам» давлат дастури асосида фаолият олиб бормоқда.

Мазкур инновацион боғча университетимиз талаба қизларининг, магистрларнинг, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг мавқеини юксалтириш, ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, саломатликларини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун зарур ижтимоий, сиёсий-иқтисодий, муносиб меҳнат ва яшаш шарт-шароитларни яратиш масаласининг ечимларидан бири бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Бегзоджон БАЙЖАНОВ,

Фарғона давлат университетининг

Мактабгача ва бошланғич таълим факультети декани.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер