Таълим сифати ютуқларимиз асоси
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 163-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида пухта тайёргарлик кўришмоқда.
Ҳозирги кунда 962 нафар ўқувчи ўзбек ва рус тилларида мукаммал таҳсил олаётган ушбу даргоҳда таълим сифатига алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, дарсларни пухта ўзлаштириши, спорт ва бошқа касб-ҳунар тўгараклари фаолиятини барқарорлаштириш мактаб педагогик жамоасининг доимо диққат марказида. Шу боис ўқувчилар орасидан турли спорт мусобақалари ғолиблари, фан ҳамда санъатни яхши ўзлаштирган совриндорлар етишиб чиқаётир.
Бу ерда меҳнат қилаётган 52 нафар педагогнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, улардан 10 нафари олий тоифали ўқитувчилардир. Уларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли битирувчиларнинг таълимни кейинги босқичига жалб қилишда “яшил ҳудудда” жойлашган. Мактаб битирувчиларининг ОТМга киришдаги ўртача кўрсаткичи 78 бални ташкил этмоқда.
Мактабда хорижий тилларни мукаммал ўргатиш борасида ҳам ўзига хос тажриба йўлга қўйилган. Шу боис бу борада ўқитувчилардан талаб этиладиган мезонлар доимий назоратда. Инглиз тили фани ўқитувчилари Д.Мансурова ва Я.Хуснутдинова ҳамда рус тили фани ўқитувчилари Н.Рўзиева, Л.Бекқуловалар халқаро C1 сертификатига эга. Улар ойлик маошига 50 фоиз устама белгиланган. Информатика фани ўқитувчиларидан Д.Аманова ва Ш.Эшқувватовалар эса Google for Education сертификати билан устама олишади.
Мактабда математика, она тили ва адабиёти, физика, кимё, инглиз тили, информатика, тарих фанларини мукаммал ўқитиш, устоз шогирд анъаналари ҳам яхши йўлга қўйилгани боис, ўқувчилар орасидан иқтидорли болаларни танлаб олиш, улар билан алоҳида машғулотлар ўтказиш, спорт, фан ва таълим соҳасидаги турли мусобақаларга, шунингдек, битирувчи синф ўқувчиларини таълимни олий ўқув юртларида давом эттиришга тайёрлаш жараёнларида тегишли ютуқлар мавжуд. Бугунги кунда юқори синф ўқувчиларининг 7 нафари 6,5-7,5 даражали IELTS сертификатига эга.
— Ўқитувчиларни ўз устида ишлаши, фанни мукаммал ўзлаштиришига жиддий эътибор қаратяпмиз, — дейди мактаб директори Зафар Бозоров. — Шу боис ўқитувчиларимизни туман ва шаҳар мактаблари орасидаги нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, математика фани ўқитувчиси И.Ҳамроқулов устозлар ўртасида ўтказилган тегишли фан олимпиадасининг туман босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, шаҳар босқичида кучли бешталикка киритилди.
Таълим сифатини ошириш, хорижий давлатлар тажрибасидан унумли фойдаланиш борасида ҳам тегишли ютуқларимиз бор. Швецария гимназиясида таҳсил олаётган ўқувчилар мактабимизга ташриф буюриб, биздаги таълим жараёни билан танишди, ўқувчилар билан рус ва инглиз тилида эркин мулоқот олиб боришди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Ҳиндистон давлатидан таклиф этилган тажрибали устоз Сумайя Назар Надия таълим жараёнига эркин суҳбатлар асосида инглиз тилини мукаммал ўргатиш ва иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш тажрибасини қўлламоқда.
Мактабдаги барча ижобий жараёнлар ўқувчиларнинг фан ва таълим соҳасида эришаётган ютуқларида намоён бўлаётир. Яна мисолларга мурожаат этамиз.
2022-2023 ўқув йилида математика фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг туман босқичида 11-“B” ўқувчиси Шаҳзод Очилов ва 9-“V” синф ўқувчиси Диана Раҳмонбердиевалар фахрли 1-ўринни, Шаҳзода Муҳамедова эса 2-ўринни эгаллаб шаҳар босқичига йўлланма олди. Ал-Хоразмий олимпиадаси иштирокчиси Азизбек Салимбоев, физика фани билимдони Умида Пардабоева, она тили ва адабиёти фани совриндори Фарангиз Азиз қизи, рус тили ва адабиёти фани мусобақаси ғолиби Роман Коваленко каби ўқувчилар доимо мактаб фахр бўлиб келишмоқда.
Мактаб ўқувчиларининг спорт соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари ҳам салмоқли. Жумладан, 2022-2023 ўқув йилида енгил атлетика бўйича ўтказилган Халқаро турнирда 8-“A” синф ўқувчиси Даря Жилина фахрли 2-ўринни эгаллади. Футбол бўйича Болгарияда ўтказилган Халқаро турнирда 5-“B” синф ўқувчиси Самир Тохиров 3-ўринни қўлга киритди. 4-“B” синф ўқувчиси Паризода Низомиддинова эса “Шарқ атиргули” номли Болалар ва ёшлар халқаро ижод-танлов фестивалида 1-ўринни қўлга киритди.
Умуман, мактаб фахрига айланаётган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатимиз таълим тизимдаги ислоҳотлар натижасидир.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг