Таълим ривожини белгилаб берган муҳим дастуриламал
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилишнинг истиқболдаги режалари белгилаб берилди.
Таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берган ҳолда, олий таълим тизимида қуйидаги масалаларга эътибор қаратилди.
Биринчи масала — олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш.
Маълумки, ҳозирда қабул квоталари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга етказилди. Япония, Канада, Франция, Швеция, АҚШ давлатларида, Буюк Британия, Италия, Корея Республикасида деярли барча битирувчиларни олий таълимга қамраб олинганлигини кўриш мумкин.
Бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш билан бир қаторда, олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, бунда талабаларда “soft skills” кўникмаларини шакллантириш ва уни доимий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Иккинчи масала — давлат грантлари сонини 25 фоизга ошириш ва бунда қизлар учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш.
Мазкур янгилик нафақат ёшларимизнинг таълим билан қамрови даражасини ошириш, балки гендер тенглигини таъминлаган ҳолда, интилувчан, зеҳни ўткир қизларимизга таълим олиш имконияти яратилади. Аёл кишининг билимли бўлиши фарзандларнинг таълим-тарбияси, жисмоний ва маънавий камоллигига катта таъсир ўтказади.
Шуни тўғри англаган ҳолда, АҚШ, Буюк Британия, Канада каби мамлакатларда аёллар учун грант дастурлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу грантлар нафақат билим олиш учун имкон яратиш, балки кейинчалик жамиятда ўз ўрнига эга бўлишга кўмаклашишга йўналтирилади.
Бундан ташқари, ушбу янгилик давлатимизнинг ижтимоий соҳадаги изчил в узоқни кўзланган ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган сиёсатидан дарак беради.
Учинчи масала — олий таълим муассасалари ўртасида рақобатни шакллантириш.
Бу орқали университетларда таълим тизимини ривожлантириш, талабаларни жалб этиш мақсадида янгиликларни жорий этиш имконияти яратилади.
Тўртинчи масала — олий ва ўрта махсус таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш.
Шахснинг етук мутахассис бўлиб етишишида олий таълим тизимини ислоҳ этишнинг ўзигина етарли эмаслигини ҳаётимизнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу мақсадда, бир қатор академик лицейлар олий ўқув юртларига ўтказилади. Техникумлар эса амалий тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади. Бу эса «ўрта махсус таълим – олий таълим – ишлаб чиқариш» ўртасида тизимли интеграцияни яратилишига хизмат қилади.
Бешинчи масала — «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларига юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш.
Замонавий дунёмиз глобал муаммоларни фақатгина бирлашиб, билим ва тажриба алмашибгина ҳал этишимиз мумкинлигини кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, нуфузли хорижий олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, улардан олинган билимларни мамлакатимиз равнақи учун қўллашга алоҳида эътибор қаратилди.
Олтинчи масала — илм-фан ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратиш. Ушбу соҳада олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида докторантлар сонини ошириш, бунда давлат буюртмаси учун қўшимча маблағ ажратиш, шунингдек олий таълим муассасаларининг илмий унвон ва илмий даражаларни беришда мустақиллигини таъминлаш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимининг жадал ривожланиши мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини ошириш, тинч-тотувлигини таъминлаш, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишга хизмат қилади.
Нодирбек САЛАЕВ,
ТДЮУ проректори,
юридик фанлар доктори, профессор
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг