Таксичилар “кашф этган” ажабтовур луғат ёки йўловчилар учун аспирин...

15:19 16 Июнь 2023 Жамият
331 0

Бугун юртимизда транспорт хизмати кўрсатишда хусусий автомашиналар ҳайдовчилари – такси хизматига ҳар биримизнинг ишимиз тушади. Бевосита кўриб, кузатиб боришимизча, уларнинг хизмат кўрсатиш одоби, муомала маданияти, санитария-гигиена ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиши анча оғриқли мавзу. Аммо бугунги мулоҳазаларимиз ушбу гуруҳ аъзоларининг ижтимоий тармоқдаги ёзишмалари хусусида бўлади.

Яқинда эҳтиёж туфайли ана шундай гуруҳлардан бирига аъзо бўлиб, у ердаги ёзишмаларни ўқиб, жуда ҳам ноқулай аҳволга тушдим.

Келинг, шу ўринда такси ҳайдовчилари ўртасидаги баъзи ёзишмалардан мисоллар келтирамиз. Истаганча хато топиш мумкин бўлган ушбу ёзишмалар бир қарашда арзимас мавзудек туюлади. Лекин бунга эътибор талаб қилмайдиган юмуш сифатида қараш ҳам катта хато.

Ўн мингга яқин обуначиси бўлган сайтдаги ёзишмаларни кўринг: “Аёла (аёллар), аёол (аёл) киши бор”, “Машина бинзин (бензин), консанер (кондиционер)”, “Почтала (почталар) боса (бўлса) оламз (оламиз)”, “Толдик (тўлдик), пошта (почта), оламз (оламиз)”, “Багаж бош (бўш)”, “Тулдик (тўлдик), пошта (почта) буса (бўлса) еткизиб (етказиб) берамз (берамиз)” ва ҳоказо.

— Ҳаётий эҳтиёж туфайли тез-тез вилоятлараро қатновчи такси машиналари хизматидан фойдаланишимга тўғри келади,—дейди фарғоналик Абдурасул Камолов. – Афсуски, баъзи ҳайдовчилар хизмат кўрсатиш, муомала маданиятига умуман риоя этишмайди. Телефондан фойдаланиш, тезликни меъёрида бўлишини таъминлаш борасида асабни бузадиган ҳолатлар кўп учрайди. Шу боис узоқ йўлга чиққанда ёнимда ҳамиша бош оғриқ дориси – аспирин бўлади.

Ҳайдовчиларнинг ғиж-ғиж хатоларга тўла ўзаро ёзишмалари эса ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳолат. Тўғри, уларнинг билими, саводи учун ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмайди. Аммо бундан шунчаки кўз юмиб кетавериш ҳам нотўғри, деб ўйлайман.  

Хулоса ўрнида айтганда, бу дунёда ҳамма йўловчи. Ҳар куни турли юмушлар сабаб кўчага чиққач, барчамиз йўловчига айланамиз. Айни жараёнда ўзаро ҳурмат сақлаш, бир-биримизга ўринсиз озор бермаслик керак. Акс ҳолда йўлда ўзимиз билиб-билмай турли муаммолар билан юзма-юз бўлаверамиз.

Истаймизки, такси ҳайдовчилиги шунчаки пул топиш манбаи бўлиб қолмаслиги лозим. Ҳар бир ишда бўлгани каби ҳайдовчиликда ҳам билим, касб одоби, этикаси, маданияти бўлиши зарур.

                                                                          Ботир МАДИЁРОВ“Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер