Тафаккур ва ёндашув давр талабларига мослашиш масъулияти

08:40 04 Март 2025 Жамият
226 0

Яқинда давлатимиз раҳбари қабул қилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармон нафақат иқтисодий ривожланишнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб беради, балки янги авлодни таълим ва инновация йўналишида тарбиялаш, уларга илғор билим ва замонавий компетенциялар беришга замин яратади. Шу жиҳатдан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси — янги тараққиёт босқичи, мамлакатнинг глобал иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат, десак, айни ҳақиқат.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Бу Ўзбекистоннинг экологик барқарорлик, ресурсларни тежаш ва “яшил” тараққиётни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқади. Жаҳонда экология ва иқлим ўзгаришига қарши кураш тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда Ўзбекистон “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш ва экологик муаммоларга ечим топиш бўйича стратегик мақсадларни ўз олдига қўйган.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида илм-фан ҳамда таълим соҳасига устувор аҳамият қаратилади.

Хусусан, таълим ва илм-фан ривожини таъминлаш учун қуйидаги йўналишларда ишлар амалга оширилади:

олий таълим ва касбий таълим тизимини модернизация қилиш. Янги замонавий таълим стандартлари, рақамли ва инновацион технологияларни жорий этиш, халқаро таълим тизимига интеграцияни кучайтириш;

экологик барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиёт бўйича янги ўқув дастурлари. Олий таълим ва касб-ҳунар мактабларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” ривожланиш фанини жорий этиш, муҳандислик ва табиий фанлар йўналишларини кенгайтириш;

илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш. Илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини кенгайтириш, халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида стипендиялар ажратиш;

кадрлар тайёрлашда янги ёндашувлар. Экология, муҳандислик ва энергетика соҳаларидаги мутахассислар тайёрлашни кучайтириш, “яшил” иқтисодиёт бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш;

замонавий таълим инфратузилмасини ривожлантириш. Ҳар бир ҳудудда “яшил техникум”лар очилиши, уларни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети билан ҳамкорликда ривожлантириш режалаштирилган.

Мамлакатимизда илм-фан ва таълим устувор йўналиш сифатида белгиланар экан, бу ўз навбатида, интеллектуал салоҳиятнинг юксалишига, экологик барқарор ривожланишни таъминлашга ва инновацион тараққиётга хизмат қилади. Шу маънода, ташкил этиладиган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети иқлим ўзгариши, экологик муаммолар ва барқарор ривожланиш бўйича илмий изланишлар олиб боради, халқаро ташкилотлар ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кучайтиради. Шунингдек, олий таълим муассасаларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” ривожланиш фанининг жорий этилиши экологик билим ҳамда малакага эга мутахассисларни тайёрлаш имконини яратади.

Янги билим ва технологияларни ўзлаштириш имконияти

Фармонга мувофиқ, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги халқаро ўқув дастурлари учун махсус грантлар ажратилиши белгиланган. Бу эса илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, янги билим ва технологияларни ўзлаштириш имконини беради.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури нафақат иқтисодиёт ва экология, балки педагогик олий таълим тизими учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади. Зеро, барқарор ривожланиш, экологик маданият ва “яшил” технологиялар жамиятда инсон капитали билан боғлиқ бўлиб, бу жараёнда олий педагогик таълим муҳим ўрин тутади.

Замонавий педагогика тизими нафақат фуқароларни умумий билимлар билан таъминлаши, балки уларда экологик маданиятни шакллантириш, табиатга масъулият билан муносабатда бўлиш ва барқарор ривожланиш тамойилларини сингдириш вазифасини ҳам бажариши лозим. Шу боис ҳам олий педагогик таълим тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилади.

Биринчи навбатда, педагогика университетлари ва институтларида атроф-муҳит муҳофазаси, иқлим ўзгариши ва экологик барқарорликка оид ўқув дастурларини жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кун ўқитувчилари ўз мутахассислик соҳаси бўйича билимга эга бўлиш билан чекланмай, ёшларга экологик маданият ва табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш тамойилларини ҳам ўргатиши керак. Шу мақсадда келгуси йилларда педагогика фанлари дастурларига экологик таълим асослари, “яшил иқтисодиёт” тамойиллари ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича фанлар киритилиши лозим бўлади.

Экологик маданият ва барқарор ривожланишга оид фанлар ҳамда методик қўлланмалар ишлаб чиқиб, педагогик кадрларни тайёрлашда фойдаланишни йўлга қўйиш зарур. Бу ислоҳотлар педагогика соҳасини нафақат замонавий талабларга мослаштириш, балки таълим жараёнини экологик онг ва масъулият асосида ривожлантиришга хизмат қилади. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга ошириладиган бу ўзгаришлар келажак авлоднинг экологик таълим савиясини юксалтириш ва “яшил тараққиёт” Қояларини амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлади.

Йил дастури мамлакатимиз таълим соҳасини, хусусан, педагогик олий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу Чирчиқ давлат педагогика университетида амалга оширилаётган инновацион таълим лойиҳалари билан уйғун ва ҳамоҳанг.

Педагогик таълим инновацион кластери

Таълим муассасамизда жорий этилган “Педагогик таълим инновацион кластери” лойиҳаси илм-фан, амалиёт ва таълимни узвий боғлаш орқали барқарор ривожланиш Қояларини кенг жорий этишни назарда тутади. Кластер моделининг асосий мақсади таълим жараёнини инновацион ёндашувлар билан бойитиш, малакали педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда устувор фан соҳаларини узвийлик ва узлуксизлик тамойиллари асосида ривожлантириш орқали барқарор ривожланиш стратегияларини шакллантиришдан иборат.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида таълимнинг ривожланишига қўйилган устувор йўналишлардан бири, бу — экологик маданиятни ошириш ва ресурстежамкор билимларни шакллантириш. Шу боис педагогик таълим инновацион кластери доирасида экологик таълим, атроф-муҳит муҳофазаси, “яшил” иқтисодиёт асослари ва иқлим ўзгариши бўйича мутахассислик курсларини очиш мақсад қилинган. Ушбу курслар нафақат назарий билим бериш, балки амалий тажрибалар орқали талабаларнинг атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича компетенциясини оширишга йўналтирилади.

Кластер доирасида экологик таълим бўйича ўқув курслари, семинарлар ва амалиётлар ташкил этилади, қайта тикланувчи энергия манбалари, ресурс тежовчи технологиялар ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича инновацион тадқиқотлар амалга оширилади, экологик таълим ва “яшил” иқтисодиёт йўналишидаги илғор халқаро тажрибалар ўрганилиб, маҳаллий таълим тизимига жорий қилинади, ҳудудий таълим муассасалари ва саноат корхоналари билан ҳамкорлик орқали амалий машғулотлар уюштирилади.

Бундан ташқари, “Педагогик таълим инновацион кластери” доирасида таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайтирилади. Бу эса экологик таълим бўйича янги методикаларни ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш ва “Устоз — шогирд” тизимини мустаҳкамлаш имконини беради. Шунингдек, мутахассислар ва ўқитувчилар учун халқаро малака ошириш дастурлари ташкил этилиб, хорижий педагогик ва илмий марказлар билан ҳамкорлик кенгайтирилади. Шу тариқа Чирчиқ давлат педагогика университетидаги “Педагогик таълим инновацион кластери” нафақат замонавий педагогларни тайёрлаш, балки уларнинг экологик маданияти ва “яшил” дунёқарашини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Ўз навбатида, бу “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган экологик барқарорлик ва ресурстежамкор таълим моделини шакллантиришда муҳим қадам бўлади.

Ҳозирги кунда университетимизда жорий этилган Индивидуал таълим концепцияси талабаларнинг шахсий қобилияти, қизиқиши ва касбий йўналишларини инобатга олган ҳолда ўқитиш тизимини шакллантиришга қаратилган. Ушбу тизим замонавий таълим талаблари, меҳнат бозорининг эҳтиёжлари ва ўқувчиларнинг шахсий истакларига мослашган ҳолда индивидуал ёндашувни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Бу эса экологик таълимнинг ривожи учун ҳам кенг имкониятлар яратади.

Экологик барқарорлик ва ресурс тежовчи модель

Стратегияда экологик барқарорлик, ресурс тежамкорлик ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб берилган. Шу боис Индивидуал таълим концепцияси доирасида экологик таълимга ихтисослаштирилган курслар, махсус фанлар ва илмий тадқиқот лойиҳалари ташкил этилиши режалаштирилган.

Бу концепция асосида экологик таълимга йўналтирилган шахсий ўқув дастурлари ишлаб чиқилади. Ҳар бир талабага ўз қобилияти ва касбий қизиқишига мос равишда экологик фанлар, иқлим ўзгариши, табиат муҳофазаси, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича курсларни танлаш имконияти берилади. Иқлим ўзгариши, табиий ресурсларни тежаш ва экологик хавфсизлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш мақсадида махсус факультатив курслар, семинарлар ва амалиётлар ўтказилади.

Онлайн ва интерфаол таълим платформалари орқали талабаларга экологик инновациялар ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш имконияти яратилади.

Экологик педагогика ҳамда “яшил” таълим бўйича мутахассислик дастурлари шакллантирилади ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари олиб борилади.

Махсус экологик устахоналар ва лабораториялар ташкил этилиб, талабалар атроф-муҳит муҳофазасига оид илмий тадқиқот ишларини амалий тарзда бажариш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, Индивидуал таълим концепцияси доирасида талабаларнинг экологик йўналишдаги тадқиқотлари учун грантлар ва илмий стипендиялар ажратиш, иқлимшунослик ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича халқаро ва маҳаллий илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилган. Шу тариқа Индивидуал таълим модели нафақат шахсий қобилият ва касбий қизиқишларни ривожлантириш, балки экологик таълимни индивидуал тарзда ташкил этиш ва талабаларга барқарор ривожланиш тамойилларини чуқурроқ сингдириш имконини беради.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида таълим тизимининг халқаролашуви Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва илғор стандартларга мос ўқитувчилар тайёрлаш учун муҳим омил ҳисобланади. Университетимизда жорий этилаётган Халқаро ўқитувчилар тайёрлаш дастури айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, у анъанавий таълим методларини такомиллаштириш, экологик таълим соҳасида халқаро стандартларни жорий қилиш ва уларни маҳаллий шароитларга мослаштириш имконини беради.

Мазкур лойиҳа доирасида экологик таълим, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида юқори малакали ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор методикаларни ўзлаштириш учун хорижий университетлар ҳамда таълим марказлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, экологик таълим соҳасида халқаро сертификатлаш тизимини жорий этиш, ўқитувчиларнинг экологик саводхонлигини ошириш ва уларни халқаро бозорда рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрлаш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, халқаро таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда маҳаллий таълим тизими учун махсус ўқув ва методик қўлланмалар яратиш ҳам ушбу лойиҳанинг асосий йўналишларидан. Бу эса маҳаллий педагоглар ва талабаларга экологик таълимнинг энг сўнгги методларини ўзлаштириш имконини беради.

Умуман, Халқаро ўқитувчилар тайёрлаш дастури нафақат педагог кадрларнинг малакасини ошириш, балки Ўзбекистон таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, экологик маданиятни шакллантириш ва “яшил” таълимни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Бу эса “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг экологик таълимга оид вазифаларини амалга оширишда муҳим қадам бўлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Президент Фармонида таълимнинг амалийлаштирилган моделларини жорий этиш, кадрларни ишлаб чиқариш ва инновация соҳалари билан интеграция қилиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ, Чирчиқ давлат педагогика университетида Дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, у талабаларга ўқув муассасаларида олган билимларини реал шароитларда синаб кўриш имконини беради. Талабалар экологик таълим муассасаларида амалиёт ўташ, уларда экологик фанларни ўқитиш услубларини ўрганиш ва методик қўлланмалар тайёрлашда қатнашиш, қайта тикланувчи энергия манбалари билан ишловчи корхоналарда тажриба ўташ, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиш ва “яшил” технологиялар асосида таълим методикасини шакллантириш каби имкониятларга эга бўлади.

«Эшитдим, кўрдим, бажардим»

Замонавий педагогик ёндашувлар орасида амалиётга йўналтирилган ўқитиш методлари алоҳида аҳамият касб этади. Чирчиқ давлат педагогика университетида жорий қилинган “Эшитдим, кўрдим, бажардим” лойиҳаси талабаларни экологик таълим жараёнига фаол жалб қилиш, уларнинг билимини амалий кўникмалар билан бойитиш ва муаммоларга ечим топишда тажрибадан фойдаланишга ўргатишга йўналтирилган.

Бу лойиҳа стратегияда белгиланган экологик таълим ва барқарор ривожланишга оид мақсадлар билан узвий боғлиқ бўлиб, ўқув жараёнини фақат назарий билимлар билан чекламай, талабаларга реал муаммоларни ҳал қилиш кўникмасини ҳам шакллантиришни кўзда тутади. Экологик саводхонликни ошириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига масъулиятли ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу ёндашув талабаларга нафақат экологик таҳдидлар ҳақида тушунча беради, балки уларни амалиёт орқали шу муаммоларга ечим топишга ўргатади.

Ушбу лойиҳа талабаларнинг ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, уларни реал ҳаётда юзага келаётган экологик муаммоларга ечим топишга ўргатиш, шунингдек, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришига мослашув стратегияларини ишлаб чиқишда иштирок этишга рағбатлантириш имконини беради.

Таълим соҳаси, хусусан, педагогик олий таълим муассасалари “Ўзбекистон — 2030” стратегияси асосида янги методлар, инновацион ёндашувлар ва экологик таълим моделларини жорий этишга мослашиши зарур. Университетимизда амалга оширилаётган юқоридаги лойиҳаларнинг ушбу Фармон мақсадлари билан уйғунлаштирилиши экологик таълим тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда таълим тизими нафақат назарий билим бериш, балки экологик маданиятни шакллантириш, талабаларни экологик муаммоларни ечишга йўналтириш, амалий кўникмаларни ошириш вазифаларини ҳам бажариши лозим. Ушбу Фармон доирасида фан ва таълимнинг интеграциялашуви, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, экологик инновацияларни тадқиқ қилиш ва амалиётга татбиқ этиш устувор йўналишлардан бирига айланмоғи зарур.

Фармон нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар учун ҳам экологик барқарорлик ва “яшил” тараққиёт йўлида мустаҳкам пойдевор яратади. Давлат ва жамият олдидаги асосий вазифа — ушбу ҳужжатда белгиланган мақсад ва вазифаларни тўлиқ амалга ошириш, барча соҳада тафаккур ва ёндашувни янги давр талабларига мослаштиришдир. Таълим ва илм-фан эса ушбу мақсадларни рўёбга чиқаришда асосий куч бўлиши шарт.

Ғофуржон МУҲАМЕДОВ,

Чирчиқ давлат педагогика университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?