Тадбиркорнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинди

10:42 16 Март 2026 Жамият
141 0

8 млн 869 минг 462 сўмлик ортиқча қарздорлик масаласи охир-оқибат адолатли ечим топди. Гап шундаки, «Дон фьючерс» МЧЖ томонидан ортиқча тўланган солиқларни ҳисобга олиш юзасидан 2019 йил 29 декабрда Андижон шаҳар солиқ инспекциясига мурожаат қилинган эди. Бироқ ушбу сўров ўз вақтида ижрога қаратилмагани сабабли корхона ҳисобида асоссиз қарздорлик юзага келган. Масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашган адлия органлари судга мурожаат қилди ва Андижон туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорига кўра ортиқча ҳисобланган сумма ягона солиқ тўлови ҳисобидан сингиштирилди. Шу тариқа тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Андижон вилояти адлия бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. Баён этилишича, назорат қилувчи ва хизмат кўрсатувчи органлар томонидан маъмурий таъсир чораларини қўллаш, рухсатнома бериш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиётида бундай ҳолатларга мисоллар талайгина.

Масалан, иш режаси асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти ўрганилган. Таҳлиллар давомида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишда айрим ҳолатларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғри йўлга қўйилмагани аниқланиб, адлия органлари томонидан соҳада методик ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш масаласида ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, 2025 йил давомида 20 036 нафар ходим дастлабки тиббий кўрикдан, 73 241 нафар ходим эса даврий тиббий кўрикдан ўтмагани маълум қилинди. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Умуман олганда, 2025 йилда адлия бошқармасига 4 минг 20 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти ўз вақтида ижобий ечим топди, айримларининг ижросини таъминлаш чораси кўрилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?