Тадбиркорлар учун ҳам рағбат, ҳам имконият

17:16 24 Декабрь 2024 Жамият
182 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан видеоселектор шаклида ўтказилган мулоқотда шу соҳа ни қўллаб-қувватлаш бўйича йил якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режалар муҳокама қилингани биз, тадбиркорлар учун улкан марраларга замин ҳозирлади, десам, муболаға бўлмайди.

Сўнгги йилларда Президент ва тадбиркорлар мулоқотининг ўтказилиши яхши анъанага айланди. Учрашувлар шунчаки расмиятчилик учун бўлмаяпти, аксинча, соҳадаги масалалар, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги имкониятлар яратиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунга ўз фаолиятим мисолида гувоҳи бўляпман. Корхонамиз паррандачилик билан шуғулланади. Илгари фақат парранда гўшти ва тухум етиштириш билан чекланардик. Йилдан-йилга берилаётган имтиёз ва шарт-шароитлар боис, бугун кўп тармоқли йирик комплексга айланиб боряпмиз, корхоналаримиз сони ортяпти. Бу шунчаки гаплар эмас, иқтисодий ривожланишга ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса бўлиб қўшиляпти. Масалан, биргина бизнинг тадбиркорлик тизимида беш юзга яқин одам доимий иш билан банд. Бундан ташқари, туманимиздаги Янги Ўзбекистон массивида Ғиждувон тажрибаси асосида йирик савдо ва хизмат кўрсатиш комплексини ишга туширяпмиз. Яна қўшимча 250 иш ўрни яратилади.

Аҳоли сони изчил ўсаётган бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб бўлиб бормоқда. Бунинг устига, глобал иқлим ўзгаришлари, ер ва сув тақчиллиги қишлоқ хўжалигида қийинчиликларни юзага келтириб чиқармоқда. Шундай шароитга қарамасдан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ривожланиб келмоқда. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор сақлаш, бозорга доимий етказиб бериш учун совиткич омборлари кўпаймоқда. Биз ҳам бу имкониятлардан фойдаланиб, йирик совиткич омборини ташкил этяпмиз. Ушбу лойиҳамиз ҳам яқин ойларда ишга туширилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланганини айтар экан, “Биз давлат миқёсида қандай катта мақсад ва вазифаларни ўз олдимизга қўймайлик, уларни амалга оширишда бутун халқимиз билан бирга, аввало, сизларга таянамиз. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи — бу бутун халқимизнинг ютуғи”, деб алоҳида таъкидлади.

Видеоселектор шаклида ўтган мулоқотда иштирок этиб, шу ва шу каби даъватли сўзларни эшитиб, янада шижоат ва кучга тўлганимизни, ҳали олдинда бундан-да улкан марраларимиз борлигини ҳис қилдим.

Ўз навбатида, янги ғоялар учун имкониятлар янада кенгайтирилди. Масалан, IT-парк резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилди. Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қиладиган бўлди. Бундай имтиёздан фойдаланиб, паррандачилик фабрикамиз қошида хусусий боғча, шунингдек, IT-парк, хорижий тилларни ўқитиш марказини ташкил этишни режалаштирдик. Бу ерда нафақат ишчиларимиз, балки ҳудудимиздаги камбағал оила фарзандлари таълим-тарбия олишини йўлга қўямиз. Бу билан вилоятимизда жадал олиб борилаётган “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Учрашувда ишбилармон доира вакилларининг фикр-мулоҳазалари очиқ муҳокама қилиниб, керакли чора-тадбирлар шу ернинг ўзида белгиланяпти. Айтинг-чи, бундай жараён қайси бир даврда бўлган?! Бундай давлатда бизнес юритишдан қувонмай бўладими?!

Энди тадбиркорлар банк кредити билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартларга мослашиб, четдан мустақил маблағ олиб келиши кераклиги айтилди. Бунинг учун халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиб, тадбиркорларнинг ташқи молия бозорларига чиқишига кўмаклашувчи марказ очиладиган бўлди. Ишончим комилки, тадбиркорларини ишончли ҳимоя қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган Ўзбекистонда бизнес юритишни истовчи хорижлик сармоядорлар сони бунданда ортади. Биз, тадбиркорлар четдан мустақил маблағ олиб келишимиз қийинчилик туғдирмайди, аксинча, хориж бизнеси бизни танлайдиган давр келди.

Хулоса ўрнида айтганда, Янги йил остонасида ташкил этилган ушбу мулоқот ишбилармонларга келгуси йил учун ҳам рағбат, ҳам имконият бўлиш билан бирга, янги режаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Жамшид АҲМЕДОВ,

Жарқўрғон туманидаги «Parranda Kompleks Savdo»

масъулияти чекланган жамияти раҳбари,

“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?