Табиатнинг мусаффо инъоми

15:55 28 Февраль 2025 Жамият
218 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қиш фаслининг сўнгги кунларида Мўйноқда қалин қор ёғди. Она замин қўйнидаги дарахтлардан тортиб, буғдойзорларгача оппоқ қорга бурканди. Оролбўйида яқин йилларда бундай қор ёғмагани учун болалар ҳам хурсанд. Ёши улуғлар табиатнинг бу мусаффо инъомини мўл сув, қут-баракага қиёсламоқда. Қорақалпоқ деҳқонлари экин майдонларини қишда суғориб қўяди, чунки баҳорги сув қачон келиши амримаҳол. Юртимизда сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор берилаётганининг боиси ҳам шунда. Бундай ислоҳотлар олис ҳудудларга сув етказилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган йилларда магистраль канал бўйларида кўплаб шоли майдонлари пайдо бўлгани сир эмас. Қорақалпоғистон Республикаси раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари натижасида бу ишларга барҳам берилди. Ўтган йилнинг ёз фаслида Мўйноқ туманида истиқомат қилувчи Амет Бостановнинг ўз томорқасида мевага тўла шохларини кўтаролмай қолган дарахтининг олдида сув келганидан қувониб гапирган дил сўзлари ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлганди. Кейинги йиллардаги сувсизликдан мевали дарахтлар эмас, Оролбўйида ўсадиган йирик тўранғил дарахтлари қуриб қолаётганига гувоҳ бўлиб юрганлар Амет оға томорқасидан олинган лавҳаларни кўзларида ёш билан кўрганди. Албатта, мавжуд сувнинг адолат билан тақсимланиши мўйноқликларнинг турмушида айниқса, томорқасидан мўл ҳосил олиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашига ҳамда ҳудудда чорвачилик ва бошқа тармоқларнинг ривожланишига катта замин яратмоқда.

— Йилдан йилга камайиб бораётган сув миқдорларининг ўрнини қоплаш, яъни йўқотишларни камайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев. — Шулардан бири ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш борасидаги ишлардир.

Илгари йирик каналлар 30-40 йилгача реконструкция қилиниб қазилмаган. Президентимизнинг сув хўжалиги соҳасига қаратган эътибори натижасида 2018 йил Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи «Анасай» магистраль канали реконструкция қилиниши бошланди. Эътиборлиси, ушбу магистраль каналида реконструкция ишлари якунлангач сувдан фойдаланиш коэффициенти ошди. Аҳолининг томорқа майдонлари ва фермер хўжаликларининг экин майдонларига сув етказиб бериш сифати яхшиланади. «Дўстлик» каналининг Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи 6 километр қисмида бетонлаш ишлари якунига етказилмоқда. Мазкур каналда бир неча босқичда амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида аввало, шаҳар ҳудудидан оқиб ўтадиган қисмининг техник ҳолати яхшиланди. Нукус шаҳрида сув туризмни ривожлантириш, сув спорти билан шуғулланиш учун қулай шароит яратилиб, каналнинг икки соҳили аҳолининг дам оладиган масканига айланди. Нукус шаҳри, Тахтакўпир, Қораўзак, Кегайли, Чимбой ва қисман Нукус туманлари ҳудудларига сув етказиш сифати оширилди. Сув йўқотишларни камайтиришга эришилди.

Юртимизда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» тадбирлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ўтган йили 4 та каналда бетонлаш ишлари олиб борилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилиб, тегишли қарор ва дастурлар асосида 39,8 км узунликдаги 4 та канални бетонлаштириш ва реконструкция қилиш ишлари бошланди. Бугунги кунда Тахиатош туманидаги «Эски Кенегес», Қўнғиротдаги «Жинишке», Тахтакўпирдаги «Гоне-Қуўаныш-жарма» каналида бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳам аввало, олис овуллардаги аҳолининг томорқа майдонларининг сув таъминотини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, аҳолининг томорқа майдонларига сув етказиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарори билан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қабул қилингач, бу йўналишдаги ишлар аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Мазкур дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 89 та маҳалла ҳамда овул фуқаролар йиғинларида аҳоли томорқа майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш назарда тутилган. Сув хўжалигининг барча даражадаги масъул раҳбарлари камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида маҳаллаларга сув етказиш ишига шахсий жавобгарлик ва масъулият билан ёндашмоқда.

Ушбу дастурга асосан 89 та лойиҳа асосида маҳаллаларда аҳоли томорқасини сув билан таъминлаш мақсадида суғориш тармоқларни бетонлаштириш, реконструкция қилиш, насос агрегатларини ўрнатиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шу ўринда, Давлатимиз раҳбарининг сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлари натижасида туманлардаги сув хўжалиги ташкилотларига янги техникалар берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Масалан, кейинги 2 ойда Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларига 9 та янги экскаватор ҳамда каналларни бетонлашда ишлатиладиган олдин сувчилар ташкилотида бўлмаган 2 та «Кармикс» махсус техникалар олиб келинди. Эндиликда ушбу техникалардан самарали фойдаланган ҳолда томорқаларга сув етказиш имкониятлари оширилади. Ирригация тармоқларини тозалаш ва бетонлаш орқали сув йўқотишларни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишларимиз юқори босқичга чиқарилади, албатта.

Қишнинг сўнгги кунларида ёққан қор ризқу рўз, барака, ёшу улуғларнинг бу борада қилган дуолари ижобат бўлсин! Сув мўл шароитда ҳам тириклик манбаи бўлган оби-ҳаётни тежаш, беҳуда сарфламаслик, самарали ишлатиш барча фойдаланувчиларнинг энг устувор вазифа бўлиши лозим. Ўшанда энг олис овулларгача сув етиб бориши таъминланади. Сув борган овулларда камбағаллик қисқаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер