Табиатни меҳрга муҳтож этмайлик

19:35 09 Декабрь 2025 Жамият
449 0

Иқлим ўзгаришлари оқибатида сайёрамиз, жумладан юртимиз бўйлаб ноқулай об-ҳаво шароити кузатилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат ҳавонинг чанг заррачалари ва зарарли газлар билан ифлосланиши туфайли рўй беряпти. Бунга табиий яъни техноген ҳамда антропоген, бошқача айтганда, инсон таъсири омиллари сабаб бўлмоқда.

Экологик вазият оғирлашиб бораётган бир шароитда депутатлар бу масалага қандай ёндашмоқда? Улар аҳволни ўнглаш борасида ўз ваколатлари доирасида нималарни бажармоқда?

– Тасаввур қилинг, иқлим ўзгаришлари, сув тақчиллиги туфайли сайёрамиз бўйлаб ҳар дақиқада ўртача 9-10 квадрат метр майдон чўлланиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келмоқда, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жаҳонгир Шарипов. – Барча давлатлар харитадагина маълум чегарага эга. Бироқ атмосферада ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шу учун унинг трансчегаравий ифлосланишига йўл қўймаслик долзарб вазифадир.

Атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш мақсадида юртимиз жумладан, вилоятимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда депутатлар фаол иштирок этяпти. Улар ўз сайлов округларида экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларни камайтириш, ўрмон ва дарахтзорларни ҳимоя қилиш каби масалаларда депутатлик назоратини ўрнатишган. Шунингдек, аҳоли экологик маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг бу борадаги масъулиятини оширишга қаратилган таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Табиатнинг ноёб ресурси ҳисобланмиш сувдан оқилона фойдаланиш, хусусан, автомобил ювиш шохобчаларида ишлатилган сувни тозалаш масаласида жамоатчилик мониторинглари ўтказилиб, тегишли амалий тавсиялар берилмоқда.

Жорий йилда депутат назорати самараси ўлароқ 12 та йирик корхонада 15 та чанг-газни ушлаб қолувчи ускуналар ўрнатилиб, мавжуд технологиялар модернизация қилинди. Натижада 442,5 тонна миқдоридаги зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинди. Масалан, Когон туманидаги “Ҳабиба Умида” МЧЖ, “Орзу Умид Сервис” МЧЖ, Бухоро туманидаги “Бахшулло” хусусий корхонаси, Вобкент туманидаги “Бунёдкор Истиқлол Ғишт” масъулияти чекланган жамиятида экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида мавжуд ускуналар янгиланди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига кўра, вилоятдаги 130 та йирик саноат корхонаси атрофида дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар барпо этилди. Икки босқичли “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида 30,8 мингта транспорт воситаси тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида экологик назоратдан ўтказилди. Аниқланган носозликлар натижасида 3,01 тонна зарарли модданинг атмосферага чиқиши эҳтимолига барҳам берилди.

Кенгашимиз томонидан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилиб, масъул ташкилотлар эътибори мавжуд муаммоларга қаратилмоқда. Лекин бу денгиздаги бир томчидек гап. Экологияни асраш борасида ҳали жуда кўп иш қилишимиз керак.

Сир эмаски, вилоятимиз ҳудудининг асосий қисми чўлу биёбонлардан иборат. Ёз ўта иссиқ, қиш совуқ кечади. Иқлим ўзгаришлари эса одамлар саломатлигига акс таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, аллергик касалликлар авж оляпти. Бундай паллада ҳар бир дарахт, бута, гиёҳни асраб-авайлаш, кўпайтириш, атмосфера мусаффолигини таъминлаш, экологик маданиятга риоя этиш ҳар қачонгидан муҳим. Она – табиат меҳрга муҳтож. Ундан меҳру муҳаббатимизни дариғ тутмайлик. Биз, депутатларнинг масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашувимиз мавриди аллақачон келди.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?