Сувчилар қишда ҳам тиним билмайди
Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Қиш фасли — сувчилар учун иш фасли, деган пурмаъно иборани фахрий сувчиларимиздан кўп эшитамиз. Айтишларича, қиш ойларида юмушлар режа билан сифатли бажарилсагина, суғориш мавсуми ортиқча муаммоларсиз ўтади, белгиланган ҳудудларга сувни кафолатли етказиш имконини беради.
Хўш, шу нуқтаи назардан айни кунларда сувчилар қандай ишларни бажаришмоқда? Биз туманларда бўлиб, каналларни тозалаш ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдик.
Қораўзак туманидаги “Есимозек” каналига 8 та, Чимбой туманидаги «Тўрт саға» каналига 5 та, Кегейли туманидаги “Жилўан жап” каналига 3 та экскаватор жалб қилиниб, қазиб тозалаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
— Куз-қиш мавсумида муассасамиз ҳисобидаги хўжаликлараро каналларининг 17,7 километр қисмини қазиб-тозалаш режалаштирилган, —дейди Шўманай тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Бердах Хожаназаров. — Бугунги кунга қадар «Тошкент жап» хўжаликлараро каналининг 3,5 километр қисми ва «Нурай жап» хўжаликлараро каналининг 8 километрдан ортиқ қисми қазиб-тозаланиб, бу ишлар давом этмоқда. Шунингдек, жорий йил бошидан 70 километрдан зиёд ички суғориш тармоқлари механизм ёрдамида тозаланди.
Туманимиз магистрал каналлардан олисда ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашуви жиҳатидан суғориш мавсумида сув етказиш мушкул бўлган ҳудуд саналади. Каналнинг охирида жойлашган ҳудудларга сув етказишда гидротехник иншоотларнинг хизмати катта албатта. Биз, куз-қиш мавсуми олдида гидроиншоотларнинг ҳолатини ўрганиб, хатловдан ўтказиб чиқдик. Шунда хўжаликлараро ва ички суғориш тармоқларидаги 40 дан ортиқ гидротехник иншоотлар деярли фойдаланишдан чиққани маълум бўлди.
Мазкур иншоотларнинг барчасига маблағ ажратишнинг имкони йўқ. Лекин бу ишларни айни суғориш мавсумидан олдин бажариш заруратидан келиб чиқиб, ривожлантириш жамғармаси ва ёрдамчи хўжалигимиздан шакллантирилган маблағлар ҳисобидан иншоотларга ишлатиладиган материалларни харид қилдик. Маъмурий биномиз қошида ташкил этилган устахонада 4 нафар уста чилангар қурилмаларни тайёр ҳолга келтирмоқда. Бир гуруҳ ишчи-ходимларимиз қурилмалар ўрнатиладиган сув олиш нуқталарига бетон қуйиш ва бошқа ишларни олиб боришмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қишда ҳам тиним билмайдиган сувчилар суғориш мавсумига етарлича тараддуд кўришмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг