Сурункали чекиш ўпка саратони ва миокард инфарктига олиб келади — Мутахассис
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, тамаки маҳсулотлари истеъмоли йилига 8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Хавотирли жиҳати, кўрсаткичлар йил сайин ошиб боряпти.
Мирзағолиб Тиллашайхов, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:
— Никотин организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ҳамда бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўяди. Шу тарзда тамакига қарамлик шаклланади.
Олимларнинг қайд этишича, чекиш таъсири остида организмда 25 дан ортиқ касалликлар ривожланиши кучаяди. Хусусан, ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида илмий далиллар мавжуд.
Юрак-ишемик хасталиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ҳамда спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келиши сўзимизнинг яна бир исботи. Негаки, ҳар бир кашанда бу иллат туфайли ўз ҳаётини 18 йилга қисқартириши тадқиқ этилган.
Боз устига, тамакининг заҳарли тутунидан умри завол топаётганларнинг 12 фоизи бундай маҳсулотларни истеъмол қилмайдиган кишилар, яъни пассив чекувчилардир. Улар орасида, таассуфки, болалар ҳам бор.
Қолаверса, бу иллатнинг дунё иқтисодиётига етказаётган зиёни ҳам катта. ЖССТнинг охирги баёнотида мазкур муаммо ҳам рақамлар билан асослаб берилган. Масалан, ҳозир 120 дан ортиқ давлат тасарруфидаги 3 миллион гектардан зиёд майдонда тамаки етиштириляпти. Ўз навбатида, сайёрамиз бўйича 300 миллиондан кўпроқ одам озиқ-овқат тақчиллиги муаммосига ечим излаш билан овора.
Шундай шароитда Президентимиз томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун имзоланиши нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам мамнуният билан қарши олинди.
Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ҳудудига чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, жумладан, никотинли снюс, чайналадиган тамаки ҳамда никотинли ширинликларни олиб кириш ва сотиш тақиқланади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини кўрсатиш ва очиқ намойиш қилишга йўл қўйилмайди.
Савдо автоматлари орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жавонларидан, электрон тижорат кўринишида, масофавий савдо орқали, шунингдек, кўчма савдо орқали, болалар товарлари сотиладиган биноларда, ўйинчоқлар, ширинликлар ва бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилинганда, 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва ушбу ёшдаги шахслар томонидан сотиш ман этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг