Сурхондарёда сув тармоғи қурилишининг иккинчи босқичи бошланди

17:50 11 Апрель 2025 Жамият
305 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифида илгари сурилган ташаббус доирасида «Тўпаланг» сув омборидан Термиз шаҳригача бўлган қарийб 382 километр узунликдаги магистраль ичимлик суви тармоғи қурилиши амалга оширилмоқда.

Ушбу йирик инфратузилмавий лойиҳа орқали Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Термиз, Бандихон, Қизириқ, Ангор, Музработ ва Шеробод туманлари, шунингдек, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиши режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбой Раматов Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Ташриф доирасида Термиз ва Бандихон туманларида нуронийлар, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими У. Қосимов, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси А. Сангинов, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, лойиҳа ижрочилари, муҳандис-қурувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Учрашувдан сўнг лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида Термиз туманида 28,6 километр ва Бандихон туманида 2,3 километр узунликдаги ички металл ҳамда 9,4 километр магистраль сув қувури тармоғи қурилишига старт берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?