Сурхондарёда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган кураш мусобақаси ўтказилди

09:51 16 Декабрь 2025 Жамият
188 0

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган катта кураш мусобақаси юқори савияда ўтказилиб, ҳақиқий спорт байрамига айланди. Мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни республикалардан ташриф буюрган полвонлар иштирок этиб, куч, маҳорат ва жасорат синовдан ўтди.

Беллашувлар қизлар ўртасида +63 кг, эркаклар ўртасида 66 кг ва 81 кг вазн тоифаларида ташкил этилди. Анъанага мувофиқ, энг катта қизиқиш мутлақ вазн тоифасидаги баҳсларга қаратилди.

Муросасиз ва қизғин кечган беллашувлар якунида мутлақ вазн тоифасида Олтинсой туманидан Жаҳонгир Маматрахимов ғолиб деб топилди. У бош соврин — Президент совғаси бўлган «Дамас» автомашинаси билан тақдирланди. Иккинчи ўрин Жарқўрғон туманидан Шермуҳаммад Жандриевга насиб этиб, унга туя топширилди. Учинчи ўринни Сариосиё туманидан Муҳсин Ҳисомиддинов ҳамда Қашқадарё вилоятидан Шоҳрух Бахтиёров эгаллаб, ҳар икки полвон от билан мукофотланди.

Ғолиб ва совриндорларга мукофотлар тантанали равишда топширилди. Ушбу мусобақа қишлоқ хўжалиги ходимлари байрамининг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, миллий кураш спорт турининг оммавийлиги ва нуфузи ортиб бораётганини яққол намоён этди.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер