Сурхондарёда профилактика инспектори тан жароҳати олганига қарамасдан ўзининг ҳаётига тажовуз қилган тартиббузарни зарарсизлантирди

19:25 31 Май 2023 Жамият
688 0

Жорий йилнинг 30 май куни соат 16:00 да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Ҳамкорлик” маҳалласи раиси Нурмамат Шоймардоновнинг яшаш уйига, ушбу маҳалла яшовчиси 1976 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба ўғирлик ва гиёҳванд моддалар билан ноқонуний муомала қилиш жиноятларини содир этгани учун судланган, гиёҳванд шахс сифатида профилактик назоратга олинган А.И., маст ҳолда бостириб кириб, маиший муаммоларини рўкач қилган ҳолда маҳалла раиси ва уйда бўлган оила аъзоларининг тинчлигини бузиб, жанжал кўтарган.

Чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган маҳалла профилактика инспектори капитан Ғофур Бердиев, тартиббузар фуқаро воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетганлигига гувоҳ бўлган.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида, шу куни соат тахминан 19.00ларда тартиббузар А.И. ўз уйига қайтиб келганлиги аниқланиб, у билан профилактик суҳбат ўтказиш ҳамда маҳалла раисига нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида тартиббузарнинг хонадонига борган капитан Бердиев, хонадон эгасининг кескин қаршилигига учрайди.

Хонадон эгаси, болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилиб, унинг чап қўл тирсагини яралаганига қарамасдан, жисмоний куч ишлатилиб, ҳуқуқбузар зарарсизлантирилган.

Шундан сўнг, капитан Бердиев хонадон қўшнилари ва воқеа жойига етиб келган ҳамкасблари ёрдамида шифохонага етказилган. Тиббий кўрик натижасида чап тирсак пастки қисми суякларининг очиқ цинганлиги ва қон томирларини кесилиши оқибатида кўп қон йўқотганлиги аниқланиб, тезкорлик билан тегишли муолажалар кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.

Ҳаётини хавф остига қўйиб жиноятчини зарарсизлантирган профилактика инспектори капитан Ғофур Бердиевни рағбатлантириш масаласи кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?