Сурхондарёда йўл инфратузулмаси яхшиланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ва янги транзит йўлакларни барпо этиш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Биргина Сурхондарё вилоятида 2016-2021 йиллар мобайнида мавжуд йўл инфратузилмасини яхшилаш учун республика ва маҳаллий бюджетдан 1 трлн. 110 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, жами 2 минг 570 км йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
«Обод қишлоқ» ва «обод маҳалла» давлат дастурига биноан вилоятдаги 108 та маҳалланинг ички йўлларини таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда 122 км ички йўлларни асфальтлаш, 900 кмга яқин қишлоқ йўлларига қум-шағал аралашмасини ётқизиш белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар қарийб 90 фоиз ишлар якунланди. Шу билан бирга вилоят ҳудудида 170 км цемент-бетонли йўл қурилиши жадал олиб бориляпти. Бунинг натижасида чет элдан олиб келинадиган 6 минг тонна битумни иқтисод қилиш ва шунинг пировардида 37 млрд. 200 млн. сўм маблағни тежаш имкони пайдо бўлди.
Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтувчи, халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобиль йўли ҳам босқичма-босқич янгидан барпо этилмоқда. Ҳозирда мазкур йўлнинг яна 21 километр қисми тубдан реконструкция қилиниб, йўлнинг кенг ва равон бўлиши таъминланмоқда. Қиймати 40,7 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банкидан 35 миллион, давлат бюджетидан 5,7 миллион АҚШ доллари ажратилган.
Айни пайтда Сариосиё туманининг «Цангардак» қишлоғи орқали Қашқадарё вилоятига олиб борувчи 78 км янги йўл қурилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида «Боғча» қишлоғигача бўлган йўллар кенгайтирилиб, «Наврўздара» ҳудудигача бўлган 13 километр йўлни қайта қуриш ишлари давом эттириляпти. Лойиҳанинг кейинги босқичида мазкур йўл Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига туташади.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг