Сурхондарё аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича яна бир йирик лойиҳага киришилди. Манба — Тўполанг
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятидаги ташрифи чоғида вилоят аҳолисини Тўполанг сув омборидан тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича кўрсатма берганди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа дастлаб 2012 йилда ҳам ўрганилган, аммо молиялаштиришнинг имкони бўлмагани боис, лойиҳа тўхтатилганди. Ва ниҳоят Президентимизнинг ташаббуси билан сурхондарёлик ҳаётида муҳим из қолдирувчи амалий ишларга киришилди. Қисқа фурсатда лойиҳа мутахассислар томонидан жойига чиққан ҳолда бир неча бор ўрганилди. Дастлабки ҳисоб-китобларни тайёрлашга хорижий мутахассислар ҳам жалб этилди. Асосланган ҳисоб-китоблар асосида тайёрланган материаллар жорий йил 10 август куни давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди. Тақдимот якуни бўйича мазкур лойиҳани кечиктирмасдан шу йилнинг ўзида бошлаш юзасидан алоҳида қарор қабул қилинди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги биносида «Сурхондарё вилояти аҳолисининг ичимлик сув таъминотини «Тўполанг» сув омбори манбалари ҳисобига яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О. Раматов ушбу лойиҳанинг аҳамияти, лойиҳа ишларининг натижалари ҳамда уни амалга ошириш муддатлари ҳақида батафсил маълумотлар берди. Қайд этилганидек, лойиҳа ҳужжатлари «Гидропроект» АЖ томонидан етакчи хорижий лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилмоқда. Қурилиш ишлари Сурхондарё вилоятининг маҳаллий корхонаси томонидан амалга оширилади. Умумий қиймати 138 млн долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳа учун маблағлар тўлиқ республика бюджетидан ажратилади.
Маълум қилинишича, вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш жуда оғир аҳволда. Бугунги кунда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 55,4 фоизни ташкил этади. Ичимлик суви асосан ер ости сув манбаларидан етказиб берилаётганлиги сабабли, ҳозирда сув олиш ҳажми камайиб, қаттиқлик даражаси ортиб бормоқда. Хусусан, Термиз шаҳрида бугунги кунда ичимлик сувининг қаттиқлик даражаси 7 дан 12 мг/литр гача етган.
Олимларнинг таъкидлашича, инсон организмининг 80 фоизи сувдан иборатдир. Демакки, инсон ҳаёт кечириши учун сув энг муҳим ва бирламчи озуқа ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, дунёнинг 8 миллиардга яқин аҳолисининг 1,2 миллиард нафари тоза ичимлик сувига муҳтож. Шунингдек, 2,3 миллиард аҳоли санитария талабига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур. Дунё аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 нафари тоза ичимлик суви етишмайдиган оғир ҳудудларда истиқомат қилади. Бу рақамларни бежизга келтирмадик. Тоза сув қадри, қимматини бу неъмат тақчил бўлган ҳудудларда яшовчилар яхшироқ билишади. Сурхондарё вилоятининг чўл ҳудудларида ўзлаштирилган айрим туманлар аҳолисини узоқ йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Баъзи туманларнинг сув манбасидан узоқлиги, ёки ер ости сувининг мавжуд эмаслиги сув таъминотида қийинчилик туғдираётган эди. Эндиликда мазкур лойиҳага кўра, вилоятнинг Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Жарқўрғон, Музработ, Ангор, Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳри каби ўндан ортиқ ҳудудларида истиқомат қилувчи 1,7 миллион аҳолисига экологик тоза ичимлик суви етказиб бериш имконияти яратилади.
Республика ҳамда вилоят ишчи гуруҳи аъзолари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Сариосиё, Қумқўрғон, Шеробод туманларида тамал тоши қўйилиб, юзлаб техникалар ёрдамида қурилиш ишларига киришилди Тўполанг сув магистраль тармоғи бўйлаб диаметри 630 мм дан 1400 мм гача бўлган жами 361 км, шундан 199 км магистраль ва 162 км сув тақсимлаш иншоотигача бўлган тарқатувчи тармоқлар тортилади.
Шунингдек Сариосиё туманида қуввати суткасига 100 минг куб бўлган «Тўполанг» сув тозалаш иншооти, Қумқўрғон ва Шеробод туманларида 2 та сув босимини сўндириш иншоотлари қурилади.
Лойиҳа 2021-2023 йилларда амалга оширилади. Шунинг пировардида ҳудудларидаги аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси бугунги кундаги 55,4 фоиздан 90 фоизгача етказилади;
ичимлик суви ўз оқими билан келиши натижасида йилига 30 млрд сўмлик 66 млн кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2040 йилда вилоят аҳолиси қарийб 17 фоизга ўсиб, сув эҳтиёжи яна ортади. Айни жиҳатлар ҳам инобатга олинган ҳолда, киши бошига суткасига 124 литрдан, жами суткасига 200 минг метр куб ичимлик суви етказиб бериш назарда тутилмоқда.
Лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг қарийб 70 фоизидан ортиғи металл қувурларни харид қилиш учун сарфланади. Яъни айтмоқчиманки, ушбу лойиҳа тўлиқ ижтимоий лойиҳа бўлиб, ундан пудрат ташкилоти томонидан фойда кўриш назарда тутилмаган.
Айтиш жоизки, ўтган йиллар давомида вилоят аҳолисининг 42, 7 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, сўнгги 5 йилда Республика бюджетидан ажратилган 480 млрд. сўм маблағ эвазига қарийб 2 минг км. ичимлик сув тармоғи қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 10, 7 фоизга ошди. Жорий йилги қурилиш ишлари натижасида бу борадаги кўрсатгич қарийб 60 фоизга етса,Тўполанг сув манбаидан вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси тўлиқ амалга оширилгач, Сурхондарё вилоятидаги ичимлик суви муаммоси батамом бартараф этилади. Бинобарин сув кириб борган хонадонлар файзга тўлади, тозалик ва поклик, ободлик қарор топади. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар аҳоли турмушини яхшилаш, фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг