Сурхон йигитлари – дунё чемпионлари сафида

15:00 31 Октябр 2025 Спорт
259 0

Дунё ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган спортчилар орасида сурхондарёлик ёшлар алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда. Улар ўз маҳоратлари, иродаси ва меҳнатсеварлиги билан нафақат юртимиз, балки бутун мамлакат спорт мактабининг юксак салоҳиятини намоён этмоқдалар.

Хитойда ўтаётган Таэквондо (WT) бўйича жаҳон чемпионатида Сурхондарё вилояти вакили Нажмиддин Қосимҳожиев 74 кг. вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлди. Бу ғалаба нафақат унинг шахсий ютуғи, балки юртимиз спорти учун ҳам катта шарафдир.

Шу мусобақада 54 кг. вазн тоифасидаги яна бир сурхондарёлик спортчи Жаҳонгир Худойбердиев ярим финалгача етиб бориб, муносиб равишда бронза медалини қўлга киритди. Унинг ҳам иштироки ёшларимиз учун катта ибрат дейиш мумкин.

Баҳрайннинг Манама шаҳрида бўлиб ўтаётган III Ёшлар Осиё ўйинларида эса сурхондарёлик Мирзоҳид Худойқулов 73 кг. вазнда барча рақибларини енгиб, Осиё чемпиони деган шарафли номни қўлга киритди. Бу натижа яна бир бор Сурхон спортининг жаҳон даражасидаги салоҳиятини исботлади.

Бундай юксак ютуқлар, аввало, вилоятда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, ёш авлод учун яратилган шароитлар ва спортчи-устозлар меҳнатининг самарасидир. Сурхондарёлик спортчиларнинг жаҳон миқёсидаги ғалабалари Ватанимиз байроғини баланд кўтаришда, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?