Миллий матбуот марказида архив соҳасининг 2025 йил якунлари сарҳисоб қилинди
Бугун, 27 январь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзархив» агентлиги томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этиб, мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Анжуман давомида архив соҳасини рақамлаштириш, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда давлат назорати йўналишларида эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2025 йилга мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткич бўйича бажарилган бўлиб, шундан 20 таси ошириб бажарилган.

Ҳисобот даврида «Ўзархив» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган 3 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари сифатида қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-228-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг «Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги 208-сон ва «Хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 766-сон қарорлари қабул қилингани таъкидланди.

Маълумот берилишича, 2025 йил давомида давлат архивларида 12 591 та бошқарув, 1 439 та шахсий таркиб, 77 та сақлаш муддати вақтинча бўлган ҳужжатлар рўйхатларининг электрон нусхалари яратилган. Шунингдек, 15,2 млн. кадр архив ҳужжатларининг электрон нусхалари тайёрланиб, «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизимига жами 1,29 млн. та маълумотлар киритилган.
Архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини вақтинчалик сақлаш ва мониторинг қилиш учун «Е-сақлов» ахборот тизими жорий этилган бўлиб, ушбу тизимга давлат архивларининг 350 нафар ходими томонидан 2026 йил 19 январь ҳолатига 65 млн. кадр архив ҳужжатлари жойлаштирилган.

Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги ва Кадастр агентлигининг 2025 йил 20 майдаги «Тизимда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларнинг олдини олиш тўғрисида»ги қўшма буйруғига мувофиқ, «Архив иши» ахборот тизимида 700 нафардан зиёд Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари рўйхатдан ўтказилган. Бу орқали ерга оид сўровларга жавоб берилганда кадастр ходимлари томонидан ушбу жавобнинг асос ҳужжатларини текшириш имконияти яратилган.


Шу билан бирга, 123 нафар архив ходимининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва кўникмалари оширилган. 2025 йилда архивларга вазирлик ва идоралар, ташкилотлар ҳамда фуқаролардан жами минглаб турдаги ҳужжатлар қабул қилинган. Шу даврда республика архивларига 557 975 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми ижобий ҳал этилган.

Давлат архивлари ўқувхоналарига 1 565 нафар Ўзбекистон фуқаролари ва 56 нафар чет эллик тадқиқотчилар ташриф буюрган ҳамда 86 303 сақлаш бирлиги (с.б.) архив ҳужжатлари фойдаланиш учун тақдим этилган. Бундан ташқари, 355 та давлат органи ва ташкилотларида архив иши ҳолати бўйича давлат назорати тадбирлари ўтказилиб, текширувлар натижасида аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўрилган.


Халқаро ҳамкорлик доирасида агентлик томонидан АҚШ, Япония, Италия, Буюк Британия, Австрия, Германия, Чехия, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан бўлган 71 та хорижий тадқиқотчиларга Ўзбекистон миллий архивлари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятлари давлат архивлари, Қўқон шаҳар давлат архиви ҳамда Тошкент шаҳар Марказий давлат архиви ўқув залларига ташриф буюришлари учун ўрнатилган тартибда рухсат берилган. Шунингдек, архив соҳаси вакилларининг 11 та хорижий давлатга хизмат сафарлари ташкил этилган ҳамда 7 та ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган.


Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг