Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак — Шавкат Мирзиёев
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида тергов сифатини тубдан ошириш ва унинг шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолаётгани қайд этилди.
Йиғилишда маълум қилинишча, тергов бўйича кадр тайёрлаш бўйича яхлит тизим – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди. Унда йилига 200 дан ортиқ терговчи тайёрланяпти.
Лекин пойтахтда ички ишларда 100 та терговчи лавозими уч ойдан буён вакант. Бу юклама ҳам бошқа ходимларга тушгани учун сифат йўқолиб бораётгани қайд этилди.
«2025 йил судда 422 та шахс оқлангани судьяларни мустақил қарор қабул қилаётганидан далолат. Бу, албатта, яхши! Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Шунча шахснинг ноқонуний айбланганига ким жавоб беради?
Терговда сон эмас, сифат бўлиши керак. Шу боис, илғор хорижий тажриба асосида тергов идораларининг фаолиятини такомиллаштириш зарур», деди Президентимиз.
Манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги учун ички ишлардаги терговчилар ўз хизмат вазифасини ҳудудий ички ишлар раҳбарларидан мустақил олиб бориши жуда муҳимлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга тергов органлари фаолиятини ва иш ҳажмига мос равишда штатларни қайта кўриб чиқиб, қарор ва қонун лойиҳалари тўпламини киритиш топширилди.
Сўнгги йилларда давлат бошқарув органларида очиқлик ва шаффофлик сиёсати юритилаётгани ўз натижасини бермоқда. Лекин бу жараён ҳуқуқ-тартибот идораларининг ишига секин кириб келаётгани, уларнинг фаолияти ташқаридан холис ўрганилмаётгани қайд этилди.
Бу идораларнинг ёпиқ ҳолатда ишлаши уларни ўзига ҳам, жамоатчиликка ҳам фойда келтирмаслиги, соҳада ўзгариш, ривожланиш бўлмаслиги таъкидланди.
Бутун дунёда ҳуқуқ-тартибот фаолияти ва қонунийликни таъминлашга жавоб берадиган адлия тизими эскича ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Энди адлия тизимини ҳам кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу борада биринчи қадам сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини «ҳуқуқий аудит»дан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг аниқ роли, янги вазифа ва ваколатлари белгиланади.
«Биз Тошкент шаҳрида жиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим қиляпмиз.
Шу боис, пойтахтга республикадан бириктирилган масъуллар туманга тушганда мажлисбозлик билан шуғулланмасдан, аҳоли муаммоларини эшитиши, юқоридаги масалалар бўйича янги тажрибалар қилиб, натижа кўрсатиши шарт», деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида.
Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг