Суриядан қайтган аёллар тақдири ҳақидаги фильм премьераси ўтказилди

15:45 09 Сентябр 2022 Маданият
1559 0

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Asian Trade Company (CATC) ҳамда «Дилшоҳ медиа» киностудиялари ҳамкорлигида суратга олинган «Аёл қисмати» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистонда ор-номус, масъулият, виждон ва диний эътиқод эркинлигига, қолаверса, барча йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу азалий қадриятлар давлат сиёсати даражасига кўтарилиши муҳим аҳамиятга эга. Улар Янги Ўзбекистон кинематографиясида ўз аксини топди.

Сўнгги йилларда Кинематография агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар кўмагида қатор филмлар яратилган. Ўзбекистон республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий топшириғига биноан ва «Меҳр» махсус операцияси ва терроризмга қарши курашга бағишланган янги фильмлар яратилди. «Мен террорчи эмасман», «Тутқунлик», «Амнистия», «Барон-2: Соғинч» фильмлари – инсон қадр-қиммати ва алданган юртдошларимизнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Бугун биз ушбу фильмларимиз қаторини «Аёл қисмати» фильмининг премьераси билан тўлдирмоқдамиз, бу эса ўзбек халқимиз учун шошқалоқлик билан қарор қабул қилишдан яна бир огоҳлантириш бўлади”, - деди Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов.

Сожида... Бу аёлнинг қисмати, жуда кўпчиликнинг тақдирини бирлаштиради. У турмушнинг машаққатлари сабаб ўз юртини тарк этади. Сожида яқинларига эргашиш ортидан Россия, Покистон, Эрон, Туркия, Сурия ва Ироқ замини узра узоқ кезади. Унга ҳамиша бахт қийинчиликлар эвазига келади деб уқтиришарди. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деб ярим дунёни айланиб чиқади. Лекин иқбол ўрнига завол топади. Кўз ўнгида катта ўғли Салоҳиддиннинг ўлими, кичкина ўғли Қаҳрамоннинг портлаган бинолар остида қолиши Сожиданинг нигоҳлари сўнишига олиб келади. У келажак ҳақидаги яхши хаёллардан буткул умидини узади. Лекин Сожиданинг яна ҳаётга қайтиши жуда катта воқеага айланади.

“Фильм инсон қалби, инсоний қадриятлар, ўзликни англаш ҳақида. Шунингдек, фильм орқали инсон «инсон» бўлиш учун нималар қилиши керак, деган саволга жавоб топамиз. «Меҳр» лойиҳаси орқали 1-операциядаёқ 156 та аёллар ва болалар олиб келинган. Улардан 41 таси аёллар, қолгани болалар. Филмда ўша 41 аёлнинг аянчли қисматидан ҳикоя қилинади. Биз аёллар билан суҳбатлашдик, улар нега ўз ватанидан кетгани, Сурияга боришининг сабаблари, «Ал-Ҳол» лагерига қандай тушиб қолгани ҳақида сўрадик. Сценарий ҳам мана шу суҳбатлар асосида ёзилган. Фильм реал воқеаларга асосланган. Бадиий сайқал берилган бўлсада, ундаги персонажлар ҳаммаси орамиздаги кишилар. Филмдаги хориж мамлакатларида рўй берадиган воқеалар ҳам Ўзбекистонда суратга олингани сабабли декорациялардан кенг фойдаландик”, – деди фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Дилмурод Масаидов.

Сценарий муаллифлари Дилмурод Масаидов ҳамда Сардор Ҳамроев, постановкачи режиссёр Дилмурод Масаидов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, рассом Ҳусайн Эшниёзов, продюсер Маҳмуд Эркабоев, либослар бўйича рассом Севара Зуннунова, картина директори Азизбек Азатбаев.

Фильмда бир қатор таниқли ва умидли актёрлар бош ролларни гавдалантиришган: Раъно Шодиева, Матёқуб Матчонов, Сирожиддин Сатторов, Шоҳсанам Абдумажидова, Илҳом Бердиев, Боир Холмирзаев ва бошқалар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?