Сурияда яна исёнчилар “хуружи”. Ҳукумат уларни мағлуб эта олишини айтмоқда
Фото: Anadolu
Сурия шимоли-ғарбидаги исёнчи гуруҳлар ўтган ҳафта бошланган ҳужумида Алеппони назорат остига олиб, Ҳама шаҳри томон ҳаракатланаётганини маълум қилган. Хабар қилинишича, Россия ва Сурия самолётлари Сурия шимоли-ғарбида мухолифатнинг олдинга силжишининг бешинчи кунида Идлиб шаҳрига ҳужум қилган.
Сурия давлат ахборот агентлиги САНА хабарига кўра, Сурия президенти Башар Асад назорати остидаги ҳукумат кучлари шимолий Ҳама вилоятини ҳам ўз назорати остида мустаҳкамламоқда. Маълумотларга кўра, армия бир кечада ўзининг шимолий қишлоқларида мухолифат жангчиларини чекинишга мажбур қилган. Агентлик хабарида айтилишича, у ердаги кучлар оғир техника ва ракеталар билан таъминланган.
Якшанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен можародаги барча манфаатдор томонларни зудлик билан сиёсий ечим излашга чақирди.
Жанглар 2011 йилдан буён у ёки бу шаклда давом этиб келаётган эди. Аммо ўтган жума куни «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи жангчилари Алеппога кириб, ҳукумат кучларини 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган стратегик аҳамиятга эга шаҳардан чиқиб кетишга ундади.
Ўшандан бери исёнчилар бир қанча стратегик ғалабаларга эришган, жумладан, Хонасир шаҳарчаси, Ҳалаб саноат шаҳри, Ҳалаб ҳарбий академияси ва дала артиллерия коллежи устидан назорат ўрнатгани маълум.
Аввал «Ал-Қоида»нинг Суриядаги бўлими бўлган «Ал-Нусра» фронти номи билан танилган «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» Сурия шимоли-ғарбидаги энг кучли мухолифат ҳаракати эди. Гуруҳ ҳали ҳам АҚШ, Сурия ва Россия томонидан террорчи ташкилот деб ҳисобланади.
Башар Асад ўзининг оммавий чиқишида террорчи ва уларнинг тарафдорларига қарши чиқиши ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда давом этишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Сурия исёнчи гуруҳлар ҳужумлари қанчалик кучаймасин, уларни мағлуб эта олади.
Ҳукумат мухолифат назорати остидаги ҳудудларга ҳаво ҳужумлари орқали қурол омборлари ва исёнчилар қароргоҳларини нишонга олганини айтди. Сурия ҳукумати ва Россия томонидан якшанба куни уюштирилган ҳаво ҳужумларида камида 25 киши, жумладан 10 бола ҳалок бўлгани айтилмоқда.
2015 йилда Эроннинг мамлакатга ҳарбий аралашуви уруш тўлқинини Башар Асад фойдасига буришга ёрдам берди. Россиянинг Ҳалабни ҳаводан бомбардимон қилиши ҳукумат кучларига 2016 йилда шаҳарни тўлиқ назорат қилишига олиб келган эди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи якшанба куни Дамашққа бориб, журналистларга Теҳрон Асадни қўллаб-қувватлашини айтди. Иордания қироли Абдулла II ва Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳам сўнгги қўнғироқларида Башар Асад билан бирдамлигини билдирган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг